Украина икки асир Шимолий Корея аскарини Жанубий Кореяга топширди

Олам

image

Украина Россиянинг Курск вилоятида асирга олинган икки Шимолий Корея аскарини Жанубий Кореяга топширди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқида маълум қилди.

“Яқинда биз Жанубий Кореяга икки нафар Шимолий Корея ҳарбий асирини юбордик”, деган Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, ушбу икки аскарни тирик ҳолда асирга олиш осон бўлмаган. Зеленский улардан бири асирга тушишини англаганида ўз жонига қасд қилишга уринганини айтган.

“Бу йигитларни тирик ҳолда асирга олиш осон эмас. Улардан бири асирга тушишини англаганида ўз жонига қасд қилишга уринди. У тақдир унга ўлишга имкон бермаганидан ҳайратда қолди”, деган Украина Президенти.

Зеленский аскарларнинг Жанубий Кореяга қайтарилиши тафсилотларини келтирмаган. Украина уларни 2025 йил январь ойида Россиянинг Курск вилоятида қўлга олган. Улар Шимолий Корея Россия – Украина урушига 2024 йилда қўшилганидан кейин тирик ҳолда асирга тушган биринчи Шимолий Корея ҳарбийлари бўлган.

Зеленский аввалроқ ушбу икки аскарни Россияда асирликда сақланаётган украиналикларга алмашиш имкони бўлса, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга топширишга тайёрлигини айтган эди.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Украина раҳбарини аскарларни Жанубий Кореяга қайтаришга чақирган. Улар Шимолий Кореяга қайтарилган тақдирда ҳарбийлар жазога дуч келиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари эса асирга олинган икки аскар Жанубий Кореяга ўтиш истагини билдиргани ҳақида хабар берган.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги ҳарбийларнинг қайтарилгани, жумладан, бу қачон амалга оширилгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаган. Вазирлик буни аскарлар ва уларнинг оилалари хавфсизлиги билан изоҳлаган.

Жанубий Корея жорий йилнинг июнь ойида Россия томонида Украина урушида қатнашган ва қайтарилишни истамаган барча Шимолий Корея ҳарбий асирларини қабул қилишини билдирган эди.

Зеленский БМТдаги нутқида Шимолий Кореянинг Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатаётганини ҳам танқид қилган.

“Нега корейслар Украинага қарши урушда жон бериши керак? Ким Чен Ин улардан валюта каби фойдаланмоқда. Ва у эвазига нимадир оляпти”, деган Зеленский.

Украина ва Жанубий Корея ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея 2024 йилдан буён Россиянинг Украинага қарши урушида ёрдам бериш учун 14–15 минг нафарга яқин ҳарбий юборган. Уларнинг аксарияти Россиянинг Курск вилоятига жойлаштирилган бўлиб, Россия қўшинларига Украина армиясининг ҳудуддаги амалиётини қайтаришда ёрдам берган.

Шунингдек, Шимолий Корея Россияга миллионлаб артиллерия ва миномёт снарядлари, баллистик ракеталар, узоқ масофали артиллерия қуроллари ҳамда кўп сонли реактив тизимларни етказиб бергани ҳақида Украина ва мустақил экспертлар маълумотлари мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Пхеньян томонидан Россия ҳудудига иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун 30 – 50 минг нафаргача Шимолий Корея ҳарбийлари юборилиши режалаштирилганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг