Украина Франциядан SCALP ракеталарини олди
Олам
−
07 Август 2023
4603Украина Франциядан SCALP узоқ масофали ҳаво-ер ракеталарини қабул қилиб олди. Бу ҳақда мамлакат Президентининг расмий сайтида маълум қилинди.
Кеча, 6 август куни нишонланган Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари кунида Президент Владимир Зеленский Patriot ва IRIS-T ҳаво мудофаа тизимларининг иши ва имкониятлари тўғрисидаги ҳисоботни тинглаган, шунингдек, Су-25 ҳужумчи самолётлари, Су-24М бомбардимончи, Су-27 ва МиГ-29 қирувчи самолётларини кўздан кечирган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Николай Олешукнинг қайд этишича, бу самолётлар ҳамкорлар томонидан тақдим этилган қуроллардан, хусусан, ZUNI ҳаво-ер ракеталари, Storm Shadow ракеталари, AGM HARM антирадар ракеталаридан фойдаланиш учун янгиланган.
Зеленскийнинг Telegram-каналига жойлаган видеода эса Президент ҳарбий хизматчиларни тақдирлагани, сўнгра SCALP ракеталаридан бирига автограф қолдирганини кўриш мумкин.
Жорий йилнинг 11 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Вильнюсдаги НАТО саммитига келганидан сўнг, узоқ масофали ракеталарни Украинага ўтказиш нияти борлигини билдирган. Франция Қуролли кучлар вазири Себастьян Лекорню ҳам ракеталарнинг бир қисми аллақачон етказиб берилгани, қолганлари эса ташиш жараёнида эканини айтган. Вазир уларнинг сонини ошкор этишдан бош тортган.
“Reuters” нашри эса Франция Украинага 50 дона SCALP ракеталарини етказиб бериш ниятида эканини, бу ракеталар совет типидаги самолётларда фойдаланишга мослаштирилишини ёзган.
Маълумот учун, SCALP ракеталари Британия-Франция қўшма корхонасида ишлаб чиқарилади. Инглизлар уларни Storm Shadow, французлар эса SCALP деб атаган. Ракетанинг хусусиятлари Британия аллақачон Киевга етказиб берган Storm Shadow билан бир хил.
LiveБарчаси