Украина элчиси Германиянинг Киевга қурол етказиб бериш тезлигини шармандалик деб атади
Олам
−
05 Июнь 2022
13286Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельник Германия ҳукуматини Киевга қурол-яроғ етказиб бериш суръати сустлиги учун яна бир бор танқид қилди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter сафисида ёзиб қолдирган.
“Берлин ҳалигача Киевга танк жўнатмагани учун “тарихда қолади”. Бу шармадалик”, деб ёзган Мельник.
Шу билан бирга, Мельник “El País” газетасига маълум қилишича, Испания ҳукумати Украинага оғир қуроллар, жумладан, танклар ва зенит-ракеталарни етказиб беришга тайёр.
Айтиш жоизки, Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельник Киевга қурол-яроғ етказиб беришдаги кечикишлар туфайли Германия канцлери Олаф Шольцни қарорсизликда айблаганди.
У бундан аввал ҳам Олаф Шольцни Украинага боришдан бош тортгани учун “аразлаган колбаса” деб атаганди.
Эслатиб ўтамиз, Германия канцлери Олаф Шольц оғир қуроллар етказиб бериш масаласида Берлин жуда суст экани ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад этган.
Жорий йилнинг 1 июнь куни Шольц Германия Украинага ҳарбий ёрдам беришда давом этишини, хусусан, IRIS-T ҳаво мудофаа тизимларини юборишини айтди. Шунингдек, у Голландия билан келишилган ҳолда, Германия Киев маъмуриятига 12 та PzH 2000 гаубицаларини юборишини ва украиналик аскарларни ҳозирда улардан фойдаланишни ўрганаётганини эслатди.
LiveБарчаси