Украина дрони Волгаграддаги нефть заводига зарба берди

Олам

image

Россиядаги Волгоград нефтни қайта ишлаш заводига учувчисиз самолёт ҳужум қилди ва у уриб туширилди. Дрон қулаши оқибатида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаров маълум қилди.

“Волгоград онлайн” нашрига  кўра, ёнғин  Красноармейский туманидаги “Лукойл-Волгограднефтепереработка” заводи ҳудудида содир бўлган. Ёнғин майдони 300 квадрат метрга етган. Ёнғин ўчирилган. Ҳодиса оқибатида қурбонлар бўлмаган.

Белгород вилояти раҳбари Вячеслав Гладков Новооскол шаҳар округида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаоллаштирилгани, дрон қолдиқлари тураржой бинолари ва транспорт воситаларига зарар етказганини маълум қилган бўлса, Ростов губернатори вилоятда қурбонлар йўқлигини таъкидлади. 

Россия Мудофаа вазирлиги 3 февралга ўтар кечаси бир қанча ҳудудларида еттита Украина дронини ўққа тутгани  ва  йўқ қилганини тасдиқлади. 

Билдирилишича, Россия ҳарбийлари Белгород вилоятида тўртта, Волгоград вилоятида иккита ва Ростов вилоятида яна бир дронни уриб туширган.

Қайд этиш жоизки, Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи Жанубий федерал округдаги энг йирик нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчисидир. Заводнинг қуввати 14,8 миллион тоннани ташкил этади.

Маълумотларга кўра, январь ойида Россиянинг камида олтита нефть ва газ инфратузилма объектларига ҳужум қилган Украина дронларининг зарбалари йирик нефть компаниялари экспортига зарба берган. Бу январь ойида бензин экспортининг 37 фоизга, дизель ёқилғиси экспортининг 23 фоизга қисқаришига олиб келди. Россия Энергетика вазирлиги буни нефтни қайта ишлаш заводларидаги "режадан ташқари таъмирлаш" ва ички бозор эҳтиёжлари билан изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, 18 январга ўтар кечаси уруш бошланганидан бери биринчи марта Россиянинг Ленинград вилоятига дрон учирилганди. Ўшанда маҳаллий нашрлар қанотларининг узунлиги олти метргача бўлган самолёт типидаги дрон Санкт-Петербургдаги нефть терминалини нишонга олганини ёзганди. 29 январь куни эса Россиянинг Ярославль вилоятидаги муҳим инфратузилма объектига дрон ҳужуми уюштирилди. Вилоят губернатори Славнефть-ЯНОС нефтни қайта ишлаш заводига ҳужумнинг олди олинганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Волгоград дрон ҳужуми нефтни қайта ишлаш заводи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг