Украина дрон ҳужумида 3 россиялик ҳалок бўлди

Олам

image

Украина учувчисиз самолётларининг Россиянинг Тула ва Нижний Новгород вилоятларига бир кеча-кундузда уюштирган ҳужуми оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 11 август куни Россия Мудофаа вазирлиги ва минтақавий юқори лавозимли амалдорлар маълум қилди.

Тула губернатори Дмитрий Миляев Telegram-каналида кеча, 10 август куни ярим тунда шимолда Москва вилояти билан чегарадош бўлган Тула вилоятида содир этилган ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, икки киши шифохонага ётқизилганини маълум қилди.

Россия ғарбидаги Нижний Новгород вилоятидаги саноат зонасини нишонга олган Украина ҳужуми оқибатида эса бир киши ҳалок бўлди, яна икки киши шифоҳонага ётқизилди.

Украина хавфсизлик хизмати расмийсининг “Reuters” агентлигига айтишича, Украина учувчисиз самолёт ҳужумида Нижний Новгород вилоятидаги ракета компонентларини ишлаб чиқарувчи Россия заводини нишонга олган. У Россиянинг Х-32 ва Х-101 ракеталари учун бошқарув тизимлари ва бошқа компонентларини ишлаб чиқарадиган Арзамас заводига камида тўртта дрон зарба берганини айтди. 

Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари бир кечада Украинанинг жами 59 та учувчисиз самолётини, шу жумладан Тула вилояти осмонида 12 та дронни йўқ қилганини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги Украина қанча дрон учираётганини эмас, бўлинмалар қанча учувчисиз самолётни уриб туширгани ҳақида хабар беради.

Москва мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, кеча тунда ва бугун, 11 август куни эрталаб Россия пойтахтига йўл олган еттита учувчисиз самолёт уриб туширилган.

Ҳар икки томон бир-бирининг ҳудудига зарба беришда тинч аҳолини нишонга олишини рад этади. Шунга қарамай, Россия 2022 йил февраль ойида Украинада бошлаган кенг кўламли урушда минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Москва Украина дрон ҳужуми Нижний Новгород Тула

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг