Украина билан урушда қарийб 400 минг россиялик аскар ногиронга айланди
Олам
−
14 Февраль 2025 3782 2 дақиқа
Украина билан давом этаётган уч йиллик уруш Россияга юз минглаб ҳалок бўлганлар билан бирга, Брянск ёки Тверь аҳолиси билан тенг сонли ногиронлар “армиясини” ҳам “совға қилди”. Бу ҳақда Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) томонидан тайёрланган йиллик “Military Balance” ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, 2024 йил охирига келиб, 376 минг россиялик фронтда оғир жароҳатлар олиб, ногирон бўлиб қолган. Уруш бошланганидан бери Россия армиясининг умумий йўқотишлари 783 минг кишини ташкил қилади. Улардан 172 минг нафари ҳалок бўлган, 611 минг нафари жароҳатланган. Жароҳатланганлар орасида 235 минг киши даволаниши мумкин бўлган тоифага киради, қолганлари эса ногиронга айланган. Оғир жароҳат олганлар орасида ҳар иккинчи киши ампутацияга дуч келган. IISS ҳисоб-китобларига кўра, фронтдан қайтган ампутант-ногиронлар сони 180 мингдан ошиши мумкин.
Шунга ўхшаш рақамлар 2023 йил охирида Россия Меҳнат вазирлиги томонидан ҳам эълон қилинган. “Махсус ҳарбий операция” иштирокчилари орасида тиббий-ижтимоий экспертиза томонидан тасдиқланган ногиронлик ҳолатларининг ярмидан кўпи қўл ёки оёқ ампутацияси билан боғлиқ эканини Меҳнат вазири ўринбосари Алексей Вовченко ҳам айтган.
“Тасдиқланган ногиронлар орасида ампутация қилинганлар 54 фоизни ташкил қилади. Бу жуда жиддий муаммо, бу жуда катта кўрсаткич”, деган у.
Унга кўра, юқори аъзоларнинг ампутацияси умумий ҳолатларнинг 20 фоизини ташкил қилади ва бу ҳам “мисли кўрилмаган даражада юқори улуш” ҳисобланади.
Росстат маълумотларига кўра, 2023 йилда (ҳозирча кейинги статистика эълон қилинмаган) Россияда ногиронлар сони 108 минг кишига кўпайган – бу 2005 йилдан бери рекорд даража. Ногиронлик пенсиясини олувчилар сони ҳам деярли шунча ортган. Бу 1990 йилларнинг охиридан бери энг юқори ўсиш. Ўша даврда Чеченистон уруши фахрийлари оммавий равишда статистика базасига киритилган. 2023 йил охирига келиб, реабилитация техник воситаларига муҳтож бўлган ногиронлар сони сўнгги 11 йилдаги энг юқори даражага етиб, 468 минг кишини ташкил этган. Уруш бошланганидан бери уларнинг сони 42 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган йил давомида Украинадаги жанговар ҳаракатлар оқибатида бедарак йўқолганлар сони икки баравардан кўпроқ ошиб, 50 минг кишига етгани хабар қилинганди. Унга кўра, Украинада бедарак йўқолганларнинг қарийб 90 фоизи ҳарбий хизматчилар ҳисобланади.
Live
Барчаси