Украинадаги урушда бедарак йўқолганлар сони 50 мингдан ошди

Олам

image

Ўтган йил давомида Украинадаги жанговар ҳаракатлар оқибатида бедарак йўқолганлар сони икки баравардан кўпроқ ошиб, 50 минг кишига етди. Бу ҳақда Халқаро Қизил Хоч қўмитасига (ХҚХҚ) таяниб, “Reuters” хабар берди.

“Ўтган йили ХҚХҚ томонидан ҳужжатлаштирилган бедарак йўқолганлар сони 23 минг кишини ташкил қилган эди. Орадан бир йил ўтиб бу рақам икки баравардан кўпроқ ошди: қўмита 50 мингга яқин бедарак йўқолиш ҳолатини қайд этди”, дейди ХҚХҚнинг можаролар вақтида бедарак йўқолган шахсларни қидириш бўйича Марказий бюроси раҳбари Душан Вужасанин.

Унинг сўзларига кўра, Украинада бедарак йўқолганларнинг қарийб 90 фоизи ҳарбий хизматчилар ҳисобланади. ХҚХҚ йўқолганларнинг миллий мансублиги бўйича статистик маълумотларни келтирмаган. Ташкилот бедарак йўқолганлар сонининг кескин ўсишини қайд этган – бу кўрсаткич ўртача ойига 1000 тадан 5000 тагача ошган. Бунга Россия-Украина урушининг ҳар ой янада шиддатли тус олаётгани ва ҳисобот механизмларининг такомиллашаётгани (масалан, бедарак йўқолганларнинг оилалари учун онлайн ҳужжатлаштириш тизими йўлга қўйилгани) сабаб бўлгани қайд этилган.

ХҚХҚ Украинадаги урушда бедарак йўқолган шахсларни қидиришни 2022 йил мартидан, Россиянинг тўлиқ миқёсли босқини бошланганидан бери Марказий қидирув бюроси орқали мувофиқлаштириб келмоқда. Ташкилот Украина ва Россия ўртасида халқаро воситачи сифатида ахборот алмашинувини таъминлайди.

Украина Ҳарбий асирлар билан муомала масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи штаби маълум қилишича, фақатгина жорий йил январь ойида россиялик ҳарбий хизматчиларнинг яқинлари томонидан бедарак йўқолганлар ҳақида рекорд даражада кўп сўров келиб тушган. Штаб маълумотига кўра, “Хочу найти” лойиҳаси доирасида 2025 йилнинг биринчи ойида Россия ҳарбийларининг яқинларидан 8548 та ариза келиб тушган – бу декабрь ойига нисбатан 22 фоизга кўп ва бутун лойиҳа давомида қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Лойиҳа ишлаган давр мобайнида Россия ҳарбийларининг бедарак йўқолиши бўйича 60 мингдан ортиқ сўров келиб тушган. Ушбу рақам ҳалок бўлганларни ўз ичига олмайди ва реал бедарак йўқолганлар сонидан 2-3 баравар кам, чунки у фақат расмий мурожаатларга асосланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский урушда қанча аскар ҳалок бўлганини очиқлаган эди.  Унга кўра, Россия билан урушда 45,1 минг украиналик ҳимоячи ҳалок бўлган. Россия армиясининг йўқотишлари тахминан 350 минг кишини ташкил этади. 50-70 минг киши бедарак йўқолган, тахминан 600-700 минг киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина бедарак йўқолганлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг