Украина АҚШ ҳарбий ёрдамисиз фақат ёзгача жанг қила олади – CNN
Олам
−
04 Март 2025 5430 2 дақиқа
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина раҳбарияти “тинчлик тарафдори” эканини намойиш қилмагунча, Россияга қарши мудофаа урушида Украинага ҳарбий ёрдамни музлатишга буйруқ берганди. Агар АҚШ ҳарбий ёрдамни тўхтатса, Украина ҳозирги жанговар ҳаракатлар суръатини фақат бир неча ҳафта ёки, эҳтимол, ёз бошигача сақлаб қолиши мумкин. Бу ҳақда CNN Европа расмийларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти ваколат муддати тугашидан олдин Украинага қурол етказиб беришни тезлаштирган ва мамлакатни замонавий қуролларнинг катта захиралари билан таъминлаган.
Нашрга кўра, Европа давлатлари АҚШ артиллерия етказиб беришининг ўрнини қоплаши мумкин, бироқ Киев томонидан қўлланилаётган энг замонавий қуроллар асосан Қўшма Штатлардан келади. Айнан ўша мураккаб қуроллар, жумладан узоқ масофали ATACMS ракеталари Украинага Россия ҳудудига чуқур зарба беришга имкон берган. Агар бу қуролларнинг етказиб берилиши тўхтаб қолса, бу стратегия жиддий зарар кўриши мумкин.
Россия-Украина урушини яқиндан кузатиб бораётган Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг катта маслаҳатчиси Марк Кансианнинг айтишича, ёрдамнинг тўхтатилиши Украинага икки-тўрт ой ичида сезиларли таъсир кўрсатади, чунки Европа мамлакатларидан келаётган ёрдам Киевга ҳозирча урушни давом эттириш имконини бермоқда.
“Шунинг учун улар бирдан қуламайди, лекин таъминот икки бараварга қисқариб кетганда, охир-оқибат бу олдинги чизиқларда сезилади. Уларнинг олдинги чизиқлари аста-секин эгила бошлайди ва охир-оқибат бутунлай қулаб тушади, натижада Украина оғир, ҳатто ҳалокатли тинчлик шартномасини қабул қилишга мажбур бўлади”, дейди у.
Кансианнинг огоҳлантиришича, Трамп маъмурияти Украинага кўрсатилаётган ёрдамнинг бошқа турларини ҳам тўхтатиши ёки бутунлай бекор қилиши мумкин, жумладан, разведка маълумотларининг алмашинуви ва Украина кучларини тайёрлаш жараёни.
“Бу вазиятдан чиқиш йўли бўлиши мумкин, лекин бу Зеленский учун жуда таҳқирли бўлади”, дея қўшимча қилди Кансиан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Буюк Британияни тарк этишидан олдин АҚШ Президенти Дональд Трамп билан муносабатлари давом этишини айтганди.