Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига муҳтож. Зеленский бу сафар кимга ўтинди?

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Корея Республикасининг Киевга зарур ҳаво ҳужумидан мудофаа ускуналарини етказиб беришига умид қилмоқда. Бу ҳақда у бугун, 30 май куни “Chosun ilbo” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Зеленский Сеулнинг қурол-яроғ етказиб бериш бўйича чекловларини ҳисобга олишини, бироқ бу тамойиллар энергия инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун мудофаа тизимлари ва ускуналарига тааллуқли эмас, деб ҳисоблашини таъкидлаган.

“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қурол эмас, фақат мудофаа техникаси. Украинани тиклаш учун “самовий қалқон” керак, Корея Республикаси бу соҳада бизга ёрдам беради, деб чин дилдан умид қиламан”, дея қўшимча қилган Украина Президенти.

Шунингдек, Зеленский Россиядан Беларусь ҳудудига стратегик бўлмаган ядро қуролларининг ўтказилишига ҳам изоҳ берган. Унинг айтишича, Украина Россиянинг ядровий қуроллари билан боғлиқ таҳдид ва чоралардан қўрқмайди. Украина раҳбари бу ҳаракатни Украина ва Европани қўрқитиш учун қилинган сиёсий ҳийла эканини таъкидлаган.

Маълумот учун, Корея Республикаси ҳозиргача Киевга молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатган, шлем каби хавфли бўлмаган ҳарбий буюмлар етказиб берган, бироқ ҳалигача қурол-яроғ юбормаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Москва томонидан “уруш қонунлари қўпол равишда бузилган” тақдирда Киевга қурол етказиб беришини истисно қилмаганди. Май ойи бошида эса Зеленскийнинг рафиқаси Елена Зеленская ҳам Сеулга ташрифи чоғида Жанубий Корея томонини ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский Корея Юн Сок Ёль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг