Украина ҳарбий самолёти биринчи марта Россиядаги нишонга ҳужум қилди – ОАВ
Олам
−
10 Июнь
15006Кеча, 9 июнь куни уруш бошланганидан бери биринчи марта Украина ҳарбий самолёти Россиянинг халқаро тан олинган ҳудуди – Белгороддаги нишонга зарба берди. Бу ҳақда Украинадаги ҳарбий манбасига таяниб, “Sky News” телеканали хабар берди.
Ҳаво ҳужуми оқибатида Белгород ҳудудидаги қўмондонлик пунктига зарба берилгани айтилмоқда. Бироқ маълумотлар расман тасдиқланмаган.
Ҳужумда қандай қуроллар қўллангани, хусусан, гап Ғарб давлатлари етказиб берган ракеталар ҳақида кетаётгани номаълум. Май ойи охирида маълум бўлишича, Киевга энг йирик қурол етказиб берувчилар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Франция Украина ҳарбийлари томонидан Россиядаги нишонларга қарши ўз қуролларидан фойдаланишга қўйилган айрим чекловларни бекор қилган.
“Зарарни баҳолаш давом этаётган бўлса-да, бу тўғридан тўғри зарба бўлганлиги тасдиқланди. Бу Украина ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Россия ҳудудидаги нишонга берилган биринчи ҳаво зарбасидир”, дейди манба.
Мавжуд маълумотларга кўра, Украина самолётлари аннексия қилинган Қримдаги нишонларга, шу жумладан Британиянинг Storm Shadow ракеталаридан фойдаланган ҳолда бир неча бор зарба берган.
Расмий равишда на Россия, на Украина ҳарбийлари "Sky News" хабарига изоҳ бермади. Якшанба куни тушдан кейин Белгород вилоятида катта ёнғин ҳақида хабар пайдо бўлди. Ундан олдин портлашлар содир бўлгани тахмин қилинган. Бир қатор Telegram-каналларида ўқ-дорилар омбори урилган бўлиши мумкинлиги хабар қилинган бўлса, Россия расмийлари турар-жой бўлмаган бино ёнаётгани, Россия Мудофаа вазирлиги эса Белгород вилояти осмонида учувчисиз самолёт уриб туширилганини маълум қилди.
Бу йил Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш бошланиши кутилмоқда. Нидерландия ва Дания каби қатор давлатлар Украинанинг ушбу самолётлардан зарбалар беришда, жумладан, Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга қарши фойдаланишини чекламасликларини маълум қилган.