Ўхшаш тақдирлар: Анголанинг “Гулнораси” мамлакатини қандай қақшатган?
Таҳлил
−
10 Февраль 2020
15562Дунёнинг турли бурчакларида ҳаёти, фаолияти ва тақдири ўхшаш бўлган кимсалар талайгина. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ҳозир таққосланадиган икки “эркатой” қизлардек машҳур бўлмаган.
Бири Анголани қарийб 40 йил бошқарган Президентнинг қизи Изабель Душ Сантуш, иккинчиси эса, бизга яхши таниш, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова. Улар ўртасида ўхшашлик кўп: иккови ҳам халқнинг миллиардлаб доллар пулларини ўмариш, коррупцияни бойиш манбаига айлантиришда айбланади/ Бири ҳозирда қамоқда, иккинчиси эса жиноий иш фигурантига айланган.
Африканинг энг бой аёли ўз мулкини мамлакатини эксплуатация қилиш ва коррупция орқали топгани маълум бўлди. Журналистлар қўлига тушган ҳужжатлар шундан дарак бермоқда.
46 ёшли Изабель ўз отаси имзолаган қарорлар ёрдамида Ангола бойликларини ўмаришда айбланмоқда. У Анголанинг олмос ва нефть саноати, энг йирик мобилm компанияси, иккита банки, энг йирик цемент ишлаб чиқарувчисидан катта фойда кўрган ва Африканинг энг бадавлат аёли номини олган. Отаси Жозе Эдуарду Душ Сантуш 38 йил давлатни бошқариб, президентликни ўзи ишонган меъросхўрига топшириши ортидан, меъросхўр унинг ишончини оқламай, оиласи пуллари ортидан тушди.
Гулнора Каримова эса, аввал хабар берганимиздек? Буюк Британиядаги мукларидан айрилиб қолиш хавфи билан рўбаро келди. Британиянинг Жиддий фирибгарликка қарши курашувчи идораси (Serious Fraud Office) Каримовага тегишли Лондоннинг Саррей мавзесидаги қарийб 40 миллион долларлик Gorse Hill Manor қасри, Мейфердаги 11 миллион долларлик яна бир уй ва Белгравиядаги 2 ярим миллион долларлик квартирани тортиб олишга уринишмоқда.
Бир асрлик тарихга эга Gorse Hill Manor қарийб 7 гектар ўрмонли ер ва қайиқда сузиш учун кўлдан иборат.
Халқаро нормага кўра, кунига 1,9 доллардан кам пулга яшайдиган одам камбағал дейилади. Анголада экстремал қашшоқликда яшайдиган аҳоли 36 фоизни ташкил қилади. Ангола чақалоқлар ўлими бобида ҳам энг юқори ўринларда туради. Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев охирги нутқида мамлакатнинг 15 фоиз аҳолиси, яъни 4,5-5 миллион одам кам таъминланганини айтиб ўтганди.
Айбловга эътирозлар
Изабель Душ Сантуш ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилди ва олиб борилаётган терговлар шахсига нисбатан “сиёсий қоралаш” эканини даъво қилди. “Менинг компанияларим хусусий молияланган, биз тижорий банклар билан ишлаганмиз”, дейди Сантуш.
Шунга ўхшаш ҳолат Каримова билан ҳам кузатилади. Унинг ўғли, айни вақтда Лондонда яшовчи кичик Ислом Каримов Гулнора Каримовага нисбатан Британияда олиб борилаётган ишга қаршилик кўрсатаётганини ва бу борада муваффақиятга эришаётганини айтиб ўтган. Шунингдек, у онасига тегишли мулклар ноқонуний пуллар эвазига сотиб олинмаганини иддао қилган ва буни исботлашига ишонч билдирган.
Сантуш масаласига қайтсак. Консалтинг ва аудит хизматларини таклиф қилувчи йирик Pricewaterhouse Coopers`нинг глобал раиси Боб Моритц компанияси Душ Сантуш хонимга кўрсатган хизматларидан “ларзага келгани ва ҳафсаласи пир бўлган”ини айтган ҳамда компания ички тергов ўтказиб, чора кўришини билдирган. Маълумот ўрнида, бугунги кунда PWC (PricewaterhouseCoopers) компанияси Ўзбекистонда ҳам фаолият юрита бошлаган.
Ғарбнинг “яширин қўли”
Изабель Душ Сантуш ва Гулнора Каримова можаросида эътиборли жиҳат шуки, ҳар иккиси ҳам ўз бойлигини Ғарб давлатларидаги йирик компаниялар орқали орттиришган. Маълум бўлишича, Ғарбдаги консультантлар, юристлар, банкирлар, бухгалтерлар Изабелга ўз миллиардларини бошқаришга ёрдам берган. Улар орасида қатор АҚШ компаниялари, халқаро ҳисобчи PWC (PricewaterhouseCoopers) ҳам бор. Бу компаниялар Изабель Душ Сантушга нафақат бойлигини бир неча карра ошириш, балки уни “ювиш”га ҳам ёрдам берган.
Тарихда бўлгани каби ҳозир ҳам ривожланган давлатларнинг “уддабурон” компаниялари нисбатан кам ривожланган давлатлар (Ангола ва Ўзбекистон каби) давлатларга, ўша ердаги “авторитет”лар орқали кириб, Ғарб андозасини тарғиб қилиш ниқоби остида миллиардлаб бойликлар орттирган. Ғарб тажрибасини олиб кириш масаласида “жон бўлиши” мумкин. Аммо ўша “тарғиботчи” компанияларни тийиб турувчи қонунлар, нормалар Ўзбекистон ва Анголада бўлмаса-чи? Айни шу омил ушбу компанияларга катта миқдорда даромад кўришга йўл очиб беряпти.
Ғарб давлатлари, АҚШ, Британия ва бошқалар йиллар давомида ўзга давлатлардаги коррупция, демократиянинг йўқлигини қоралаб келади. Сантуш ва Каримова билан юз берган ҳолат Ғарб давлатлари ҳам “сутдан чиққан қошиқ” эмаслиги ва ўзларида ҳам қилиниши керак бўлган ишлар борлигини кўрсатади.
Изабель Душ Сантуш ким?
Изабель Душ Сантуш 1973 йилда Бакуда туғилган. Унинг ота-онаси анголалик инқилобчи, кейинроқ Ангола Президенти Жозе Эдуарду Душ Сантуш ва Собиқ Иттифоқ фуқароси Татьяна Куканова. Изабель тўнғич қиз.
Изабель рус, португал (она тили), француз ва инглиз тилларида гаплаша олади. Ангола ва Россия фуқаролигига эга. Ёшлигида онаси билан Буюк Британияда яшаган. Анголага университетни тамомлагач, келган.
Конго Демократик Республикасидан бўлган коллекционер ва бизнесмен Синдика Доколо билан турмуш қурган. Айни вақтда Буюк Британияда яшайди. 2 млрд долларга эгалик қилиши айтиладиган Изабель Африканинг энг бой аёли ҳисобланади. Асосан Ангола ва Португалияда банк, мобиль алоқа, нефть компаниялари акцияларига эгалик қилади.
Изабелнинг Лондонда қимматбаҳо кўчмас мулклари бор. Ангола ҳукумати унга қарши коррупция бўйича жиноий иш очиб, банкдаги ҳисобларини музлатиб қўйган.
Изабель қандай жиноятларда айбланяпти?
Африкада коррупцион жиноят гувоҳларини ҳимоя қилувчи PPLAAF ташкилоти томонидан Журналист-терговчилар халқаро консорциумига Изабель жиноятлари бўйича 700 га яқин ҳужжат топширилган. Бу ҳужжатларни 37 та медиа ташкилоти ўрганиб чиққан.
Corruption Watch коррупция ташкилоти ижрочи директорининг сўзларига кўра, бу ҳужжатлар Душ Сантуш Ангола халқини эксплуатация қилганини кўрсатади.
2016 йилда Изабель Душ Сантуш отасининг қарори билан Ангола миллий нефть компанияси Sonangol президенти этиб тайинланган. 2017 йилда эса бу лавозимни тарк этган. Бироқ у ўрнига номзодни ўзи танлаган.
Ҳужжатларга кўра, Душ Сантуш нефть компаниясидаги сўнгги кунларида Дубайдаги Matter Business Solutions консалтинг фирмасига жами 58 млн доллар шубҳали тўловларни амалга оширган. Қизиғи компания Изабелнинг дўстига алоқадор бўлган.
Matter Business Solutions пуллар Ангола нефть саноатини қайта ташкил қилиш бўйича тузилган шартнома доирасида бажарилган иш учун ўтказилганини айтган.
Душ Сантушнинг адвокатлари Matter Business Solutions компаниясига тўловлар мутлақо қонуний бўлганини таъкидлаган.
Изабель бойлигининг катта қисмини 2006 йилда ўзига тегишли фирма орқали Sonangol`дан сотиб олган Galp португал энергетика компанияси ортидан топган.
Яна ўша ҳужжатларга кўра, Galp компаниясини сотиб олишда ҳам Изабель катта имкониятга эга бўлган ва тўловни амалга ошириш жараёнида 9 млн евро кам пул ўтказган.
Аммо у бу масалада ҳам ўзини айбсиз деб ҳисоблайди. Душ Сантуш хоним бу келишув мамлакати нефть соҳасига катта фойда келтирганини айтган.
Қизиқ Ангола Президентининг қизи мамлакат мулкини сотиб олиб, бу харидни давлати равнақи учун деса. Бу келишув Душ Сантуш айтганидек, инвестицияга эмас, балки Анголанинг бир чўнтагидан пулни олиб, иккинчи чўнтагига солишга ўхшайди. Шу жараён орасида яна Ангола бир компанияни йўқотган.
Олмослар билан боғлиқ вазият
Ангола олмослари тақдири ҳам шунга ўхшаш бўлган. 2012 йилда Душ Сантушнинг эри Синдика Доколо Ангола олмосларни назорат қилувчи Sodiam давлат компанияси билан бир томонлама келишув тузган.
Томонлар Швейцариянинг люкс тоифали De Grisogono брендини сотиб олишда 50:50 шартларда ҳамкор бўлиши керак эди. Бироқ келшиувга фақатгина давлат компанияси тўлов қилган. Ҳужжатларга кўра, орадан 1,5 йил ўтиб, Sodiam ҳамкорликка 79 млн доллар киритган, Доколо эса бор йўғи 4 млн доллар сарфлаган.
Шу билан бирга, Sodiam унга келишув имзолангани учун 5 млн евро мукофот тўлаган. Яъни Доколо компанияси бу келишувга бир цент ҳам ажратмаган.
Олмос бўйича келишувлар Ангола халқи учун фаожиали якунланган. Sodiam`нинг янги директори Браво да Роза олмос бўйича келишувлардан Ангола бир доллар ҳам фойда олмай, етмаганига қарзларини тўлаб бўлгач, 200 млн евро зарар кўришини айтган.
Олмос назоратига Душ Сантушнинг эри яқинлаштирилиши оқибатида Ангола 1 млрд долларга яқин зарар кўрган. Душ Сантуш хоним эса De Grisogono акционери бўлмагани учун бу воқеага изоҳ беролмаслигини маълум қилган.
Бироқ ҳужжатларда унинг молиячилари Душ Сантушни De Grisogono акционери сифатида кўрсатган.
Изабель Душ Сантуш отаси Ангола Президенти қарори билан мамлакат пойтахти Луандада соҳил бўйидан ер сотиб олган ва яна оз миқдорда аванс тўлаб қутилиб қолган.
Шартномада ерлар 96 млн туриши кўрсатилган. Душ Сантуш компанияси бор-йўғи унинг 5 фоизини тўлаган ва қолган пулларни қурилишга тикишга келишган. Сотилган ерда яшовчи аҳоли пойтахдан 50 км узоққа кўчирилган. Кўчирилган жой эса ҳавас қилгулик эмас.
Душ Сантуш бунга изоҳ бериб, унинг лойиҳаси бўйича ҳеч ким кўчирилмаганини, чунки лойиҳа бекор қилинганини айтган. Аммо кўчирилганлар бунинг аксини айтади.
Душ Сантуш хонимнинг ҳам Гулнора Каримовадек мобил алоқа компанияларига алоқадорлиги бор. У Анголадаги энг йирик алоқа оператори Unitel компаниясининг 25 фоиз акциясини сотиб олган. Компанияга лицензияни 1999 йилда унинг отаси берган, келаси йили қизи унинг акционерига айланган.
Unitel унга дивидент кўринишида 1 млрд доллар фойда келтирган. Унинг компаниядаги улуши яна 1 млрд долларга баҳоланади. Аммо бу хусусий компаниядан пул ундиришнинг ягона йўли бўлмаган.
У Unitel ўзи ташкил қилган Unitel International Holdings компаниясига 350 млн евро қарз беришига келишган. Компания номи англашилмовчилик келтириб чиқарган, чунки у Unitel`га алоқадаор бўлмаган ва у Изабель Душ Сантушга тегишли бўлган.
Шу тариқа Изабель 38 йил Анголани бошқарган диктатор отаси Жозе Эдуарду Душ Сантуш кўмагида мамлакатини талаган ва халқини хор қилган. Бугунги кунда Ангола коррупция энг авж олган мамлакатлар қаторида туради.
LiveБарчаси