Ўқув дастурлари 40 йил олдинги фан асосида тузилган. Президент олий таълимдаги устувор вазифаларни белгилади
Жамият
−
16 Июнь 2021
4932Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ёшларни билим ва малакали этиб тарбиялаш, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлаш мақсадида таълим тизими изчил ривожлантирилмоқда. Олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар, аввало, қамровни ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Жумладан, охирги 3 йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди, қабул ўринлари 66 мингтадан 181 мингтага ошди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди.
Лекин сифат борасида ўзгаришлар ҳали сезилмаяпти. Таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш масаласи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ректорларнинг эътиборидан четда қолиб кетмоқда.
Масалан, бугунги кундаги 815 та йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Олий таълим муассасалари 2 мингга яқин фанлар бўйича дарсликлар билан таъминланмаган, ўқув дастурлари бундан 40 йил олдинги фан ва йўналишлар асосида тузилган. Бундан ташқари, тизимда коррупция ҳолатлари жуда кўп.
Умуман, ўтказилган сўровларда аҳолининг 65 фоизи олий таълимдаги ислоҳотлар натижаси сезилмаётганини айтган.
Шу боис, йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳадаги 4 та устувор вазифани кўрсатиб ўтди:
Биринчиси – олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш.
Иккинчиси – ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш.
Учинчиси – олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.
Тўртинчиси – профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.
Бу вазифаларни самарали бажариш учун олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши таъкидланди.
Яъни, бундан буён, ўқув режаси ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда таълим шаклларини белгилашни олийгоҳ бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилади. Энди ҳар бир кафедранинг фаолияти унинг илмий салоҳияти ва ёшларни селекция асосида илмий фаолиятга жалб этиш кўрсаткичларига қараб баҳоланади.
Бунинг учун нуфузли хорижий нашрларда мунтазам мақолалар чиқариб келаётган, шунингдек, шогирдлари илмий ишларини ўз вақтида ва сифатли ҳимоя қилган илмий раҳбарларга 5 тагача докторант ва 3 тагача мустақил изланувчи олиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, ҳар бир кафедранинг бир нафардан ёш олимини хорижга стажировкага юбориш йўлга қўйилади.
Олий таълим муассасалари ректорларига кафедралар ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиб, уларни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва зарур техника билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Ҳар бир кафедранинг тармоқ корхоналари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ўқитувчиларнинг корхоналарда амалий тадқиқотлар ўтказишига шароит яратиш зарурлиги таъкидланди.
Олий таълим йўналишлари билан замонавий эҳтиёжлар ўртасида узилиш жуда катта экани танқид қилинди. Бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринлари бор. Лекин битирувчилар сон жиҳатидан ҳам, малака бўйича ҳам бу талабни қондира олмайди.
Таълим жараёни 2001 йилда тасдиқланган стандартлар асосида олиб борилмоқда. Лекин, шу даврда Таълимнинг халқаро стандартлари 2 марта янгидан қабул қилинган. Айрим ўқув дарслари замон ва бозор талабига эмас, балки профессор-ўқитувчиларга мослашган. Талабалар ўз йўналишига дахлдор бўлмаган фанлар билан ҳам шуғулланмоқда.
Шу боис, мутасаддиларга давлат таълим стандартларини халқаро стандартларга мослаштириш, барча олий таълим муассасаларида ўқув жараёнларини кредит-модул тизимига ўтказиш бўйича топшириқ берилди. Ўқитилаётган фанларни мазмунан қайта кўриб чиқиб, ортиқча такрорланишларни қисқартириш, бўшаган дарс соатлари ўрнига мутахассислик фанларни кўпайтириш ҳамда талабаларга мустақил илмий изланиш учун имконият яратиш кераклиги таъкидланди. Олий маълумот талаб қиладиган касбларни оптималлаштириб, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур янги касблар билан тўлдириш вазифаси қўйилди.
Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, халқаро тажрибада илмий салоҳият 70 фоиздан кам бўлса, бундай университет нуфузли ҳисобланмайди. Юртимизда бу кўрсаткич жуда паст. Мисол учун, 24 та олий ўқув юртининг илмий салоҳияти 25 фоизга ҳам бормайди, 19 тасида бирорта профессор ва фан доктори йўқ. Сўнгги 30 йилда атиги 208 нафар профессор-ўқитувчи хорижда илмий даража олган.
Шу боис, Президентимиз келгуси йилдан докторантурага квоталар сонини 2 баравар кўпайтириш, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб боришга кўрсатма берди.
Бунинг учун ҳар йили бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари, ҳар бир тармоқ ўз соҳасига тегишли олийгоҳларга докторантлар квоталари учун яна 10 миллиард сўмдан ажратади.
Хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётларни тўғридан-тўғри харид қилиш, олий таълим муассасалари фондидаги 4 миллионга яқин адабиётларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш зарурлиги қайд этилди. Барча кутубхоналарни ягона тизимга улаб, талаба ва тадқиқотчилар учун туну кун фойдаланиш имкониятини яратиш, плагиатни бартараф этадиган ахборот дастурларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Олий таълим муассасаларида бюрократия ва коррупция хавфи кўплиги, бунга чек қўйиш учун ўқув жараёнини ташкил этиш ва бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Тизимдаги энг муҳим вазифалардан бири – қабул жараёни. Бу йил олий таълимга қабул квотаси сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 мингга етказилмоқда. 1 миллион 500 минг нафардан зиёд ёшлар ҳужжат топшириши кутилмоқда. Йиғилишда ушбу жараённи карантин ва хавфсизлик талабларини таъминлаган ҳолда, юқори савияда ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Ётоқхона ўринлари сонини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда талабалар учун қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд. Ётоқхоналарни тадбиркорлар билан хусусий шериклик асосида ташкил этиш учун олий таълим муассасаси ҳудудидан ёки унга яқин жойдан аукцион орқали ер ажратилиши белгиланди. Бу биноларнинг биринчи ва иккинчи қавати бизнес учун тадбиркорларга берилиб, юқори қаватлари арзон турар жой бўлади. Талабаларга бу борадаги харажатларнинг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.
Йиғилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таълим йўналишлари ва касблар рўйхатини тасдиқлаш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш, олий ўқув юртлари бошқарувига малакали кадрларни жамлаш бўйича топшириқлар берилди.
LiveБарчаси