Ўқитувчиларга 1 октябрь муносабати билан қанча мукофот пули берилиши айтилди
Жамият
−
12:14 4853 1 дақиқа
Педагог ходимларга 1 октябрь муносабати билан 1 млн 20 минг сўмгача мукофот пули берилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарорида белгиланган.
Мазкур тасдиқланган низомнинг 29-бандида умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан раҳбар ходимлари фақат “1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача миқдорида мукофотланиши мумкинлиги қайд этилган.
Бунда мукофот пули миқдорини ҳисоблашда ўқитувчининг ойлик маоши эмас, балки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 360 минг сўм этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 51-сонли фармони билан педагог ва раҳбар ходимларга бериладиган мукофот пули миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача этиб белгиланди.
Шунга кўра, эндиликда педагог ва раҳбар ходимларга “1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан 1 млн 20 минг сўмгача миқдорида мукофот пули берилиши кутилмоқда.