Ўқитувчи ўлдирилди, 25 қиз ўғирлаб кетилди. Нигериядаги мактабга қуролли ҳужум бўлди
Олам
−
18 Ноябрь 2025 4820 1 дақиқа
Нигериянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Кебби штатида бир гуруҳ қуролланган жиноятчилар Мага қишлоғидаги мактаб-интернат ҳудудига бостириб кириб, 25 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ҳужум кеча, 17 ноябрь куни соат тўртларда содир бўлган. Жиноятчилар мотоциклларда келиб, аввал ўқитувчини отиб ўлдирган, сўнгра қўриқчини ҳам ўлдириб, қизларнинг ётоқхонасига бостириб кирган.
Полиция расмий вакили Нафию Абубакар Котаркосининг сўзларига кўра, ҳужумчилар замонавий қуроллар билан қуролланган ва қўриқчилар билан отишма содир этган. Ҳозирда махсус бўлинмалар томонидан қидирув ишлари олиб борилмоқда, аммо жиноятга оид ҳеч қандай далил топилмаган.
Маълумот ўрнида, Нигерия Африканинг энг аҳолиси кўп давлатларидан бири бўлиб, мамлакатнинг шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида жиноятчилик авж олган. Мазкур ҳудудларда тўлов эвазига одамларни ўғирлаш билан шуғулланувчи қуролли гуруҳлар фаолият юритади. Бундай жиноятчи тўдалар кўпинча қишлоқ ва мактаб ҳудудларига бостириб кириб, талон-торож қилиш, одамларни гаровга олиш ва пул талаб қилиш билан шуғулланади.
Қобилова Комила
Live
Барчаси