UEFA ва КОНКАКАФ қўшма Миллатлар лигаси турнирини ташкил қилмоқчи
Спорт
−
18:08 281 2 дақиқа
Европа футбол иттифоқи (UEFA) ва Шимолий, Марказий Америка ҳамда Кариб денгизи футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) 96 та жамоа иштирокидаги Миллатлар лигаси турнирни ташкил этиш бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Манбага кўра, конфедерациялар 2028 йилдан бошланиши мумкин бўлган янги турнирни ташкил этиш устида ишламоқда. Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) ҳам мазкур турнирга қўшилишга қизиқиш билдирган.
Манбага кўра, бу қарор FIFA президенти Жанни Инфантино ташкилотнинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги асосий мусобақаларини бошқарувчи хусусий компанияга сотиш режаси сабаб илгари сурилмоқда. Гарчи FIFA мазкур лойиҳадан воз кечган бўлишига қарамай, UEFA энди ташкилотга ишониб бўлмайди, деган қарорга келган.
Музокаралар ҳали дастлабки босқичда бўлишига қарамай, янги мусобақа UEFA ва КОНКАКАФ томонидан мавжуд Миллатлар лигалари учун қўлланилаётган кўп лига форматини такрорлаши кутилмоқда.
“А” лигасида Испания, Франция, Англия ва Германия каби Европанинг энг кучли терма жамоалари иштирок этиб, Мексика, АҚШ ва Канада сингари КОНКАКАФнинг юқори рейтингдаги терма жамоаларига қарши рақобатли учрашувларда майдонга тушиши мумкин.
Маълумот учун, UEFA ва КОНКАКАФ 2018 йилда Миллатлар лигаси мусобақаларини йўлга қўйган. Конфедерациялар ушбу турнир доирасидаги учрашувларни бир хил халқаро танаффус пайтида ўтказиб келмоқда. Шу боис, янги қўшма турнирни ташкил этиш учун зарур инфратузилма ва механизмлар аллақачон мавжуд.
Live
Барчаси