Учтепа туман кенгаши депутати сиёсий босимга учраганини айтди
Жамият
−
25 Октябрь 2022
8094Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия аъзоси Нуриддин Зайниддинов ўзига босим бўлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирган.
“Менга нисбатан айрим масалаларда депутатлик назорати ва суриштуруви (ўрганиш) ўтказишим ортидан “сиёсий бюртма” билан провокация уюштирилмоқда. Бу айрим мансабдорларни думини босиб олганим сабаб юзага келган ҳолат назаримда”, дейди у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Президенти Администрацияси ва Бош прокуратурага мурожаат қилиб.
Таъкидланишича, унинг жамоатчилик назорати фаоли ва маҳаллий Кенгаш депутати сифатидаги қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бузилиб, унга ҳар томонлама тазйиқ ва сиёсий босим бўлмоқда.
Унинг сўзларига кўра, 21 октябрь куни унинг шахсий телефон рақамига қўнғироқ бўлиб, унда ўзини ички ишлар органлари подполковниги деб таништирган шахс, Учтепа тумани ИИО ФМБ биносига зудлик билан етиб келишини талаб қилиб, келмаса қаерда бўлса ҳам топиб, олиб кетишларини айтиб таҳдид, босим ва провокация уюштирилган.
“Бундан ташқари ички ишлар ва бошқа органлар ходимлари қариндошларимга тегишли бўлган уйларга борган, мени қидираётганларини маълум қилиб, уларнинг қўни-қўшниларига саволлар берган.
Ички ишлар органлари ходимининг фикрига кўра, депутат бўла туриб, ташрифдан олдин халқни фикрини бузиб, бузғунчилик ва ғаламислик қилаётган эканман. Танқид ҳам қилмаслигим, имкони бўлса гапирмаслигим керак экан”, дейди депутат.
Унинг таъкидлашича, тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, тумандаги битта орган раҳбари кутилаётган давлат тадбири олдидан ички ишлар органи биносига уни чақиртириб, дахлсизлик ҳуқуқи борлигига қарамай, қонунларни бузиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасини асоссиз қўллаб, 15 сутка қамоққа жўнатмоқчи бўлишган.
Депутатнинг сўзларига кўра, подполковник қўнғироқлари суҳбат аудиосини ижтимоий тармоқларга жойлаганидан сўнг тўхтаган.
“Нормал, ҳуқуқий давлатда депутатни асоссиз ва дахлсизлик ҳуқуқини ечмай 15 сутка қамоқга жўнатиш мумкинлигини тассавур қилиб бўлмайди.
Бу уюштирилган провокацияни сиёсий бюртма сифатида баҳолайман ва бюртмачилар ва бажарувчиларни топилиб жазоланишини талаб қиламан”, дейди депутат Нуриддин Зайниддинов.
У Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасидан парламентнинг давлат вакиллик органи аъзоси – Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати сифатида уни ҳимоя қилишларини ва парламент текшируви ўтказилишини сўраган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида ҳам Нуриддин Зайниддинов сиёсий босимга учраганини айтиб, сиёсий фаолиятини тугатмоқчилигини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь