Учта банкнинг 148 ходими бизнес қилгани аниқланди
3-саҳифа
−
19 Сентябрь
4269“Микрокредитбанк”, “Бизнесни ривожлантириш банки” ҳамда “Туронбанк” ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда банкларнинг 148 нафар бошқарув ходими 155 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Унга кўра, “Микрокредитбанк”нинг 94 нафар бошқарув ходими 96 та тадбиркорлик субъектида, “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг 41 нафар бошқарув ходими 46 та тадбиркорлик субъектида, “Туронбанк”нинг 13 нафар бошқарув ходими 13 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтган.
“Юқоридаги ҳолатлар бўйича агентлик томонидан мазкур банкларга тақдимномалар киритилган. Банклар тақдимномаларни танқидий муҳокама қилиб, тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари бермоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунларида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 сентябрь куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотларида фаолият юритаётган 398 нафар бошқарув ходими 449 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланганди. 13 сентябрь куни эса Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизим ташкилотлари ўрганилганда уларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходими 116 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани маълум бўлди.
LiveБарчаси