Уч ёшгача болаларга йилига 500 доллар тўланади. Хитойда!
Олам
−
30 Июль 2303 2 дақиқа
Хитойда ҳукумат туғилиш даражасини ошириш мақсадида ўзига хос “она капитали”ни жорий этди. Эндиликда мамлакат ҳукумати ҳар бир 3 ёшгача бўлган бола учун оилаларга йилига 3600 юань (тахминан 500 АҚШ доллари) субсидия тўлайди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Нашрга кўра, ушбу ёрдам чораси ҳар йили 20 миллионгача оилани қамраб олиши режалаштирилган. Тўловлар 2022 йилдан 2024 йилгача туғилган болаларга эга оилаларга мўлжалланган.
“Бу тўловлар туғилиш даражаси ёки истеъмол ҳажмига қисқа муддатда жиддий таъсир қилмайди. Бироқ бу сиёсат аҳолига тўғридан тўғри пул ажратиш борасида муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб, келажакда бюджет трансфертларини кўпайтириш учун асос яратиши мумкин”, дейди Capital Economics компаниясининг Хитой бўйича иқтисодчиси Зичунь Хуан.
Маълумот учун, 1979 йилдан 2015 йилгача Хитойда “ҳар бир оилага битта бола” сиёсати амалда бўлган. Бу чора иқтисодий ислоҳотлар даврида аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайишини чеклашга қаратилган эди. Айниқса қишлоқларда иккинчи фарзанд дунёга келган тақдирда (айрим ҳудудлардаги истисноларни ҳисобга олмаганда) оилалар ижтимоий ёрдамдан маҳрум этилган.
Аммо бу тизим бекор қилинганидан кейинги уч йилда мамлакат салбий демографик ўсиш билан юзлашди. 2024 йилда янги туғилганлар сони 9,5 миллионни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан деярли икки баробар кам бўлди (ўша йили 17,9 миллион бола туғилган эди). Янги туғилганлар сони вафот этганлар сонидан (10,9 миллион) ҳам кам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган 2024 йилда Хитойда никоҳлар сони бешинчи марта камайгани хабар қилинган эди. Ҳукуматнинг мамлакат аҳолисини ошириш учун ёш эр-хотинларни турмуш қуриш ва фарзанд кўришга ундашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, бу натижа рекорд даражадаги пасайиш сифатида қайд этилган.
Live
Барчаси