Уч туманда интенсив боғлар лизинг асосида етти йилга аҳолига берилади
Жамият
−
12 Январь 2021
8426Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Наманган вилоятида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир ҳудудда сабзавот, картошка, дуккакли ва мойли экинларни яхлит майдонларга жойлаштириш ҳамда плантация усулида интенсив ва мевали боғ ҳамда токзорлар барпо этиш орқали маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
• Наманган вилояти Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 2021-2022 йиллар ҳосилидан қисқартириладиган ғалла майдонларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
• Наманган вилояти Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларини 2021-2022 йилларда боғдорчилик ва узумчилик йўналишларига ҳамда сабзавот, картошка, дуккакли ва мойли экинларга ихтисослаштириш кўрсаткичлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;
• Наманган вилояти Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 2021-2022 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ;
• Наманган вилояти Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида 2021-2022 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган қайта ишлаш ташкилотлари, музлаткичли омборхона ва иссиқхона лойиҳаларининг манзилли рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Наманган вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдуразаков) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
• 2021-2022 йилларда фермер хўжаликларининг қисқартириладиган ғалла майдонларини белгиланган тартибда мақбуллаштириш;
• мақбуллаштириш жараёнида туманлар ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган қишлоқ хўжалиги кластерларига, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи ташкилотларга, кўп тармоқли фермер хўжаликларига ва янги ташкил этиладиган кооперацияларга белгиланган тартибда ажратилишини таъминлаш;
• мавжуд ер майдонлари ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун экинларни яхлит майдонларга плантация усулида жойлаштириш ҳамда белгиланган экспортбоп экинларнинг экилишини таъминлаш;
• қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини уч бараварга ошириш учун қайта ишлаш ташкилотлари, музлаткичли омборхоналар ва логистика марказларини 2021-2022 йиллар давомида тўлиқ ишга тушириш ҳамда ишлашини таъминлаш;
• ҳар бир туманда уруғлик ва кўчатлар билан таъминлаш имкониятидан келиб чиқиб, сабзавот экинлари ва картошка уруғчилигига ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил этиш;
• яроқсиз деб топилган, иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш ёки экспортбоп ва сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш чораларини кўрсин.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) Наманган вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдуразаков) билан биргаликда Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини янада ривожлантириш, ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида туманлардаги қишлоқ хўжалиги бўлимларининг вазифаларини қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш чораларини кўрсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
• Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида сертификатланган сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчи фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан тўланадиган ер солиғи уч йил муддатга 50 фоизга камайтирилади;
• 2021 йил 1 февралдан сертификатланган сабзавот, полиз, дуккакли ва мойли экинлар уруғларини ҳамда мевали дарахт ва ток кўчатларини етиштирувчи фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, шунингдек, кластерлар ва кооперацияларнинг уруғлик ва кўчат харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми, шунингдек, хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) қуйидаги чораларни кўрсин:
а) Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамраев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Хаитов) ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдуразаков) билан биргаликда:
• ихтисослаштирилаётган ҳудудларда яхлитликка жиддий эътибор қаратган ҳолда 2-3 турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини босқичма-босқич плантация усулида жойлаштириш;
• ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганлигини ҳисобга олиб ҳамда қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экиш;
б) Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахманов) ва Ташқи ишлар вазирлиги (Ф.Арзиев) билан биргаликда Янгиқўрғон туманида органик маҳсулотлар етиштириш учун хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда фермер хўжаликлари ва кооперациялар раҳбарларини ўқитиш ишларини ташкил этиш.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) Наманган вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдуразаков) билан биргаликда аҳоли ишсизлигини камайтириш учун Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари ҳокимликлари тасарруфида захирадаги яхлит 300-500 гектар майдонларда плантация усулида замонавий технологиялар асосида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиб, лизинг асосида етти йил муддатга аҳолига бериш тадбирларини амалга оширсин.
7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Қудратов) тижорат банклари билан биргаликда Наманган вилояти Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришда тижорат банклари кредитлари, халқаро молия институтларининг кредит линиялари маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
8. Наманган вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдуразаков) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Қудратов), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) билан биргаликда Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида замонавий технологиялар асосида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича йирик кластер корхоналарини ташкил этиш учун хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш чораларини кўрсин.
9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Адлия вазирлиги мазкур қарорнинг ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ганиев белгилансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июнь ва 2021 йил 15 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритилсин.
Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь