Уч ой комада ётган ирландиялик боксчи вафот этди
Спорт
−
15:36 566 1 дақиқа
Кеча, 16 ноябрь куни ирландиялик боксчи Ли Ривз сўнгги жангида олган оғир бош жароҳати оқибатида уч ойлик комадан сўнг вафот этди. Бу ҳақда “The Ring” журнали хабар берди.
Фожиа 2026 йил 1 август куни Дублинда Ривзнинг ҳамюрти Гари Каллига қарши жангида юз берган. Ўнинчи раундда рақибининг кучли зарбаларидан кейин Ривз оғир нокаутга учраган. Жанг тўхтатилиб, у зудлик билан шифохонага олиб кетилган.
Тиббий текширувлар боксчининг бош мияси жиддий шикастланганини кўрсатган. У шошилинч операция қилинганидан сўнг сунъий комага туширилган. Кейинчалик у Дублиндан Лимерик университет шифохонасига кўчирилган.
Шифокорлар уч ой давомида унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашган. Жорий йилнинг октябрь ойида аҳволида дастлабки ижобий ўзгаришлар кузатилган, аммо кейинчалик инфекция сабаб вазият оғирлашган. Кеча, 16 ноябрь куни боксчининг юраги тўхтаган. У яқинлари қуршовида ҳаётдан кўз юмган.
Маълумот учун, Ли Ривз ҳаваскор бокс бўйича Ирландиянинг беш карра чемпиони бўлган. У профессионал фаолиятини 2018 йил ноябрь ойида бошлаган. Проф боксда Ривз 18 та жанг ўтказиб, 16 тасида ғалаба қозонган, шуларнинг 11 тасида рақибларини нокаутга учратган.
Live
Барчаси