У охирги нафасигача курашмоқчи эди – Блинкен Ғани қочишидан олдин у билан гаплашганини айтди

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистоннинг собиқ Президенти Ашраф Ғани билан у мамлакатдан қочиб кетишидан бир кун олдин суҳбатлашганини маълум қилди. Ғани мулоқот вақтида толиблар билан охиригача курашишга тайёрлигини айтган.

“У (Ғани – таҳр.) билан Доҳада амалга оширилган ишлар, ҳокимиятни топшириш ҳақида суҳбатлашдик. Агар бу муваффақиятсиз бўлса, у охирги нафасигача курашишга тайёрлигини айтганди. 24 соатдан камроқ вақт ичида эса у Афғонистонни тарк этди”, деган Блинкен.

У АҚШ Ашраф Ғанининг қочиш режасидан бехабар бўлганини ва унга ёрдам бермаганини маълум қилди.

“Йўқ, биз бунга ёрдам бериш учун ҳеч нарса қилмаганмиз”, деган Давлат котиби.

Афғонистондаги вазият

АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузулганини эълон қилди.

Президент Ашраф Ғани эса мамлакатдан қочиб кетди. Бир муддат унинг қаердалиги номаълум бўлиб турди. Кейинроқ эса Ғани БААдан паноҳ топгани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг