У ким? Ҳинд, мусулмон, африкалик ва рэпер Зоҳран Мамдани
Бу қизиқ
−
11 Ноябрь 8053 9 дақиқа
4 ноябрь куни нафақат Америка, балки бутун дунёга машҳур шаҳар Нью-Йорк мэрлигига сайлов бўлиб ўтди. Унда қайсидир маънода кутилган, қайсидир маънода эса кутилмаган ҳолда Шарқий Африкада туғилган ҳинд миллатига мансуб 34 ёшли мусулмон Зоҳран Мамдани ғалаба қозонди. Ўз сайлов кампанияси давомида Мамдани Украина ва Россия можароси мавзусидан қочишга ҳаракат қилди, бироқ Фаластин мавзусига катта ва ҳатто баъзида ҳаддан ташқари эътибор қаратди. Бунинг учун эса кўп бора танқидчилар нишонига айланди. Таъкидлаш керакки, 2022 йилда у Россия босқинини қоралаб чиқишлар қилган, аммо жуда эҳтиёткорлик билан: Мамдани асосан, кескинликни пасайтириш ва гуманитар масалаларга ҳурмат билан ёндашишга чақирган. Шунингдек, у Трампнинг НАТОни заифлаштириш сиёсатини қоралаб келган.
Бундан ташқари, Мамдани журналистларга берган интервьюларидан бирида агар у мэрликка сайланса, Путин Нью-Йоркка келган тақдирда уни Халқаро Жиноий Суд (ХЖС) ордери асосида қўлга олишини айтган. Тўғрироғи, бу гап бошқа бир сиёсатчи – ХЖС томонидан қўлга олиш буйруғи чиқарилган Исроил Бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олиш ҳақидаги контекстда тилга олинган. Ҳозирда хорижий нашрлар ёш сиёсатчи Зоҳран Мамдани биографияси ҳақида сўзлар экан, Трамп унга бутунлай қарши экани ва ҳатто ўз душманидек кўраётгани ҳақида ёзмоқда.
Келиб чиқиши, ота-онаси ва болалиги

Зоҳран Мамдани ҳозирда АҚШ фуқароси ҳисобланса-да, аммо у бу мамлакатдан ташқарида, узоқ Африка давлати Угандада туғилган. Отаси Маҳмуд Мамдани – тарихчи, постколониал тадқиқотлар профессори, сўл қарашларга эга олим. Онаси Мира Наир – машҳур кинорежиссёр. Қисқа қилиб айтганда, Нью-Йоркнинг навбатдаги мэри – мигрантлар оиласи фарзанди.

Келиб чиқишига кўра, Мамданилар – ҳиндистонлик. Оиланинг АҚШга келишига сабаб Маҳмуд Мамданининг илмий фаолияти ҳисобланади, яъни у Колумбия университетида дарс беришга таклиф этилган, Америка эса Мира Наирнинг ижодига янги туртки бўлиб, замин яратган. У 1990 йилларда машҳур “Кама Сутра: муҳаббат тарихи” фильмини суратга олган, бироқ асосан артҳаус лойиҳалари ва нопрофессионал актёрларни жалб этиши билан танилган. 7 ёшидан буён Нью-Йоркнинг Юқори Манҳэттен туманида яшаган Зоҳран маҳаллий мактабда ўқиган. Бўлажак сиёсатчининг отаси мусулмон, онаси эса ҳинду ҳисобланади. Зоҳрандаги исломга бўлган қизиқиш отасидан ўтган ва ҳозир мэрнинг шахсиятидаги энг кўп муҳокама қилинаётган жиҳат ҳам айнан унинг дини бўлмоқда.
Мамданининг сиёсий қарашлари
Муваффақиятли ота-она фарзанди ўлароқ Зоҳран ҳеч қачон моддий нарсаларга муҳтожлик сезмаган бўлса-да, аммо жамиятдаги нотенгликни ҳис қиларди. Қизиғи шундаки, Зоҳран ҳаётининг асосий қисмини АҚШда ўтказган бўлса-да, 2018 йилга келибгина бюрократик “дўзах айланмаси”дан ўтгач, мамлакат фуқаролигини олган. Бу эса унинг ич-ичидан Америка сиёсатининг бир қисми бўлиш орқали тизимни ўзгартириш зарурлигини англашига сабаб бўлди. Зоҳран мактаб давридаёқ сайловларда фаол иштирок этган, аммо тенглик ғоялари, исломга ҳурмат (айниқса 2001 йил 11 сентябрдан сўнг) ва антиҳарбий чақириқлари кўп ҳолларда қўллаб-қувватланмаган. Шунга қарамай, Мамдани ўз позициясида қатъий давом этган.
Зоҳран Мамдани Мэн штатининг Брансуик шаҳридаги нуфузли “Bowdoin College”нинг жамиятшунослик йўналишида ўқиб, Африка тадқиқотлари бўйича бакалавр даражасини олган. У айнан ўша ерда Фаластин халқини қўллаб-қувватловчи талабалар гуруҳини ташкил этган. Кейинчалик “Фаластин масаласи” унинг бренди ва идеологик асоси бўлиб қолди.
Бир пайтлар Мамдани Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни қўллаб-қувватловчи постларни улашиб, фуқароларга қарши кимёвий ҳужумлар содир этилганини рад этган эди. Аммо бу факт ғайритабиий тарзда унутилиб кетди ва 2025 йилги сайлов кампаниясига таъсир кўрсатмади.
Илмий даражага эга бўлгач, Мамдани Нью-Йоркнинг нисбатан камбағал туманларида мол-мулкни мусодара қилишнинг олдини олиш ва уй-жой қурилиши масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида ишлаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар ва мигрантларга ёрдам берган. Бу иш унга бюрократияга қарши кураш тажрибасини бериб, муаммоларни яқиндан кўриш имконини яратди ва сиёсий фаолиятининг бошланғич нуқтасига айланди.
Сайловларга йўл

Аввалига Мамдани маҳаллий сиёсатчилар кампанияларида кўнгилли сифатида ишлади, бу эса унга тажриба ва керакли алоқаларни орттириш имконини берди. 2017 йилда Зоҳран АҚШ Демократик партиясининг ўта сўл қанотини ташкил этувчи демократ-социалистлар ҳаракатига қўшилди. Бу қанот анъанавий демократлардан сезиларли даражада фарқ қилади: коммунистик ёки кескин “сўлчи” қарашларга яқин мафкурага эга. Зоҳран Мамдани бу прогрессив доирада ўзини йўқотмади, аксинча тезда етакчи ролга чиқди. Бунда шубҳасиз, унинг харизмаси, нотиқлик маҳорати ва оилавий истеъдоди – отасининг интеллектуал сабоқлари ҳамда онасининг ижодкорлик ва ноодатий ёндашуви ёрдам берди. 2019 йилда (Америка фуқаролигини олганидан бир йил ўтиб) эса ўзи сайловда қатнашишга қарор қилди.
Илк уриниш муваффақиятли бўлди: Мамдани Нью-Йорк штати Ассамблеясига сайловда ғалаба қозонди ва шаҳар таркибидаги 36 округда вакиллик қила бошлади. Бу лавозим собиқ мигрант Зоҳранга Нью-Йорк ва бутун Америка муаммоларини баланд минбардан сўзлаш имконини берди. Унинг кўплаб чиқишлари очиқчасига популистик тусда бўлса-да, Мамданининг сўзлари кўпчиликка ёқди.
Рақиблар қандай доғда қолди?

Чиройли нутқлар Мамданини юлдузга айлантирди ва демократик Америкада обрўйи ошиб борди, бу эса унда Нью-Йорк мэри бўлиш учун кураш ва ғалаба қозонишга умид уйғотди. Қизиғи шундаки, сиёсатчини фақат унинг асосий электорати бўлган мусулмонлар эмас, балки бошқа кўплаб ижтимоий қатламлар ҳам қўллаб-қувватлади. Шунинг учун бир жинслилар никоҳи тарафдорлари ҳам ўзларининг байроқларини олиб юришлар ўтказди, ғалабани нишонлади. Бу эса мусулмон Мамдани атрофида турли сарлавҳалар тарқалишига сабаб бўлди. Мамдани ҳақиқатдан ҳам шаҳарнинг турли қатламларини ўзига оғдира олди, нью-йоркликлар унинг “Фаластин масаласи”даги қарашлари ва ҲАМАСга нисбатан симпатиясидан чўчимади.

Сўнгги вақтларда шаҳарда содир бўлаётган вазият ҳам Мамдани ғалабаси учун ҳақиқатан “идеал бўрон” ролини ўйнади. Нью-Йоркнинг анъанавий сиёсий тизими ўзини буткул обрўсизлантириб бўлганди. Амалдаги мэр, демократ ва собиқ полиция капитани Эрик Адамс коррупция бўйича бир неча терговлар остида қолганди. Хорижий ОАВда тарқалган маълумотларга кўра, Дональд Трамп Адамсни сайлов пойгасидан чиқиш шарти билан қамоқдан қутқариб қолган ва ҳатто АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф унга бунинг эвазига Саудия Арабистонида элчилик лавозимини ваъда қилган.

Яна бир “оғир вазнли” рақиб – Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо эди, аммо у демократлар праймеризи (партиянинг ичида ўтказиладиган дастлабки сайлов)да Мамданига ютқазди. Бироқ Куомо таслим бўлмади ва сайловда мустақил номзод сифатида қатнашишга қарор қилди. Бу эса унга ижобий натижа бермади, аксинча, Мамдани сайловчиларини янада сафарбар қилди. Маҳаллий бойлар томонидан унинг кампаниясига сочилган ўнлаб миллион долларлар ҳам, президент Трамп, миллиардер Илон Маск ва Оқ Уйнинг “соя кардинали” Стивен Миллер томонидан Куомони очиқча тарғиб қилиш ҳам ёрдам бермади.
Эслатиб ўтиш керакки, Нью-Йорк анъанавий тарзда Демократик партиянинг таянч ҳудуди ҳисобланади, республикачилар эса бу ерда деярли имкониятга эга эмас. Шунинг учун улар одатда жиддий бўлмаган номзодларни қўяди. Бу сафар республикачилар вакили 17 та мушук эгаси ва кулгили қизил шапка кийган итальян-поляк Кёртис Слива эди.
Зоҳраннинг ўзи эса замонавий кампания ўтказди: ижтимоий тармоқларнинг барча имкониятларидан фойдаланди. У ва унинг тарафдорлари TikTok ва бошқа машҳур платформаларда фаоллик кўрсатди. Бу ёшларнинг сайловларга қизиқишини оширди, шу йўл билан Мамдани ишончли сайловчиларга эга бўлди.

Мамдани шаҳарликларга қуйидагиларни ваъда қилмоқда:
- янги ижтимоий уй-жойлар қуриш;
- ижарага бериладиган уйлар нархини тартибга солиш;
- автобусларда бепул ҳаракат;
- бепул таълим;
- бойлар ва корпорациялар учун солиқларни ошириш;
- минимал иш ҳақини 2030 йилга бориб соатига 30 долларгача кўтариш;
- арзон нархлардаги коммунал озиқ-овқат дўконлари тармоғини яратиш.
Албатта, бу очиқчасига популизм, ҳатто ишониб бўлмайдиган ваъдалардек. Аммо катта ваъдалар бериш усулини Мамдани биринчи бўлиб бошлаб бермаган. У шунчаки ўтган йили Трамп ва радикал ўнгчиларни ғалабага олиб келган усулларни ўзига мослади ва кампаниясида қўллади.
Мамдани бир қанча рекордларни ҳам янгилади. Масалан, сайловлардаги қатнашув даражаси 1969 йилдан бери энг юқори бўлди, айниқса ёшлар ва мигрантлар орасида. У бир миллиондан ортиқ овоз тўплади ва Куомони 9 фоиз фарқ билан ортда қолдирди. Шунингдек, Мамдани Нью-Йорк тарихида ислом динига эътиқод қилувчи биринчи мэр бўлади. Бундан ташқари, у 1892 йилдан буён Нью-Йорк шаҳрининг энг ёш мэри бўлиб тарихга киради.
Мамдани ва унинг рафиқаси ҳақида нималар маълум?

Мамданининг шахсий ҳаёти ҳам сиёсий фаолияти каби ранг-баранг. У шиа мусулмони, бироқ ҳамма нарсада ўзини прогрессив инсон деб кўрсатишга ҳаракат қилади. У хип-хопни яхши кўради ва 2016 йилда угандалик мусиқачи HAB билан дуэт тарзида рэп альбом ёзган. Сиёсатчининг саҳнадаги тахаллуси Young Cardamom бўлган, кейинчалик у Mr. Cardamom номига ўзгарган. Инглиз ва луганда тилида куйлаган Зоҳран туғилган юрти Угандада концертлар ҳам берган. Маълум муддат Мамдани онаси суратга олган фильмлар учун мусиқа продюсери сифатида ҳам ишлаган ва ҳатто нуфузли мукофотга номзод сифатида кўрсатилган.
Сиёсатчининг рафиқаси Рама Дуважи ҳам эридан кам бўлмаган даражада эксцентрик, яъни ноодатий ва ғайриоддий шахс. У – рассом-аниматор, машҳур журналларнинг мода устунлари муаллифи ва жамиятнинг фаол вакили. Зоҳран ва Рама Hinge танишув иловаси орқали танишишган. Уларнинг унаштирув маросими 2024 йилнинг октябрида, расмий никоҳи эса 2025 йилинг февралида бўлиб ўтган.
Мамдани демократларга янги умидми?

Трамп Мамдани кампаниясини ўзига қарши чақириқ сифатида қабул қилди, бунда асос ҳам бор. У ўз нутқларида Мамданини “радикал сўлчи” деб атади, гўё шу сўз билан уни ҳақорат қилмоқчи бўлгандек. Шунингдек, Трамп ноябрь ойи бошида агар Мамдани Нью-Йорк мэри этиб сайланса, шаҳар учун федерал молиялаштиришни тўхтатишга ваъда ҳам бергани айтилди. Трамп тарафдорлари ҳаттоки, Зоҳранни Угандага депортация қилишга чақирди. Шундай қилиб, энди Трамп ўз таҳдидларини қандай амалга ошириш ҳақида ўйлашига тўғри келади, чунки Мамдани нафақат ғалаба қозонди, балки Президентнинг сиёсий йўналишига очиқчасига қарши чиқди.
Мамдани ғалабаси Демократик партия учун ҳам катта имконият: бу уларни сиёсий инқироздан чиқариш ва Трампга ҳақиқий мухолифат шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин. Бу айниқса 2026 йилда бўлиб ўтадиган Конгресснинг оралиқ сайловлари арафасида жуда муҳим. Бироқ, бу билан боғлиқ хавф ҳам йўқ эмас: партиянинг “янгиланган юзи” анъанавий сиёсий марказдан анча сўлга силжиши эҳтимоли катта. Аммо бу – Америка жамиятидаги чуқур сиёсий поляризация (қарашлар бўйича кескин ажралиб, ўзаро келишмовчиликка киришиш) нинг мантиқий оқибати.
Live
Барчаси