Туркманистоннинг собиқ бош прокурори қамоқда вафот этди
Олам
−
29 Сентябрь 25997 2 дақиқа
Туркманистоннинг 78 ёшли собиқ бош прокурори Қурбонбиби Отажонова жорий йилнинг 26 сентябрь куни Тошҳовуздаги (Туркманистон) DZ-E/8 аёллар қамоқхонасида вафот этди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар берди.
У 1997 йилнинг апрелидан 2006 йилнинг апрелигача ушбу лавозимда ишлаган. Қурбонбиби Сенгреновна Отажонова 1947 йилда Тежен шаҳрида туғилган. Юридик диплом олгач, у туман прокурори ёрдамчисидан мамлакат бош прокуроригача бўлган лавозимга кўтарилди. 1997 йилнинг апрель ойида президент Сапармурод Ниёзов уни республика прокуратурасидаги энг юқори лавозимга тайинлади.
Хельсинки Инсон ҳуқуқлари жамғармасига кўра, Отажонова прокуратура бошлиғи лавозимида ишлаган вақтида назорат органини жазо тизимига айлантирди. “Туркманбоши”нинг мутлақ ишончидан баҳраманд бўлиб, у кенг кўламли қатағонларни амалга оширган, ҳуқуқ ҳимоячилари буни Ежов ва Берия таъқиблари билан солиштиради. Айниқса, 2002 йилнинг ноябрида Ниёзовга суиқасд уюштирилгани, юзлаб одамлар ҳибсга олинганидан сўнг таъқиблар шафқатсиз тарзда амалга оширилган.
Бироқ, 2006 йил 24 апрелда Отажонова Вазирлар Маҳкамаси мажлислар залида ҳибсга олинган. У коррупцияда айбланган, унинг 13 та турар-жой биноси, ғишт заводи, тегирмон, автомашиналар парки, 6 миллион доллардан ортиқ пул ва бошқа мол-мулки мусодара қилинган. Кейин у “шармандали жиноят содир этгани учун” барча унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинди.
2006 йилнинг декабрь ойида Отажонова ва унинг қизи Тошҳовуздаги аёллар жазони ижро этиш муассасасига ўтказилди. Ажабланарлиси шундаки, у ҳибсга олинишидан бироз олдин бош прокурор сифатида текширган қамоқхонага тушиб қолган. Ўшанда у қамоқхонадаги шароитларни “курорт” деб таърифлаган эди. У “халқ душманлари”нинг қариндошлари учун ажратилган бўлинмада сақланган.
Мамлакат хавфсизлик идораларидан биридаги манбанинг хабар беришича, сўнгги йилларда Отажонова саратон касаллигидан азият чеккан. Жиддий касаллик туфайли у муддатидан олдин озодликка чиқиш учун ариза берган, тиббий кўрикдан ўтган ва ҳатто рухсат олган. Аммо озод этилишидан бир неча кун олдин у вафот этди. 27 сентябрь куни у ўзи туғилиб ўсган Теженда дафн қилинди.
Тошҳовуздаги аёллар қамоқхонаси ўзининг шафқатсиз шароитлари, жумладан қийноқлар, калтаклар ва мажбурий меҳнат билан машҳур. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, ҳозирда қамоқхонада 2000 дан ортиқ аёл маҳбус бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг илтимосига биноан халқаро ҳамкорлик доирасида Интерпол Германиянинг Фюрт шаҳрида халқаро қидирувда бўлган собиқ бош транспорт прокурорини қўлга олганди.
Live
Барчаси