Туркманистон ЖСТга кириш учун ариза топширди
Олам
−
27 Ноябрь 2021
4408Туркманистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш учун ариза берди. Бу ҳақда ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала маълум қилган.
Таъкидланишича, ЖСТ бош директорига йўлланган ариза Туркманистон Бош вазири ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов томонидан имзоланган. Уни Туркманистоннинг Бирлашган миллатлар ташкилоти Женева бўлимидаги доимий вакили Атагелди Ҳалжанов тақдим этган.
Ариза ЖСТга аъзо давлатлар ва кузатувчилар томонидан жорий йил 30 ноябрдан 3 декабргача Женевада бўлиб ўтадиган 12-Вазирлар конференциясида кўриб чиқилади. Ушбу конференция сўнгги тўрт йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда. Конференциянинг ялпи мажлисида Туркманистон Молия ва иқтисодиёт вазири Муҳамметгелди Сердаров сўзга чиқиши режалаштирилган.
2020 йил июль ойида Туркманистонга ЖСТда кузатувчи мақоми берилган.
Маълумот ўрнида, Жаҳон савдо ташкилоти 1995 йилда ташкил топган. ЖСТнинг мақсади — қоидаларга асосланган тизим доирасида савдони тартибга солишга ёрдам бериш, шунингдек ҳукуматлар ўртасидаги савдо келишмовчиликларини объектив ҳал қилиш ва савдо музокараларини ташкил этиш. Ушбу фаолият ЖСТнинг 60 та келишувига асосланади. Ҳозирги вақтда ЖСТга 164 давлат, иккита қарам ҳудуд (Гонконг ва Макао) ва Европа Иттифоқи киради.
LiveБарчаси