Туркманистон Россияга газ беришни тўхтатди
Олам
−
28 Октябрь
5659Туркманистон Москва билан ёнилғининг янги нархи бўйича келиша олмагани сабабли Россиянинг “Газпром” компаниясига табиий газ етказиб беришни тўхтатди. Бу ҳақда “Туркмангаз” давлат концерни раҳбари Мақсад Бобоев маълум қилди.
Ашхобод вакили икки компания шартномасида 30 июнь санасигача ушбу давр учун нархларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилгани, агар томонлар нарх бўйича келишувга эришса, шартномани узайтириш имкони борлиги, бироқ томонлар олиб борилган музокараларда тижорат масаласида умумий келишувга эриша олмаганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, нархларни қайта кўриб чиқишда келишувга эришилмагани боис 30 июнда шартнома бекор қилинган. У, шунингдек, “Туркмангаз” учун газ етказиб беришни бошлаш, қайта тиклаш ёки тўхтатишнинг асосий шарти тижорат қисми эканини таъкидлаган.
“Олди-сотди шартномалари айнан манфаатдорлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқтайи назаридан кўриб чиқилади. Бугунги кунда бизда турли томондан – шимолий, ғарбий, шарқий томондан талаб ортиб бормоқда. Шунинг учун, айтиш мумкинки, биз ҳар куни турли харидорлар ва мамлакатлар билан музокаралар олиб борамиз, шу туфайли ҳамма нарса бўлиши мумкин”, деган Мақсад Бобоев.
Шу ўринда у айни пайтда “Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой” трансмиллий газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш бўйича музокаралар кетаётганини маълум қилган.
“Ҳозирча нарх масаласида келишувга эришилмаган бўлсада, бу музокаралар давом этмоқда. Яқин вақт ичида келишувга эришишимизга умид қиламан”, деган Бобоев.
Маълумот учун, “Газпром” 2019 йилда “Туркмангаз” давлат корхонасидан беш йил муддатга – 2024 йил 30 июнгача табиий газ сотиб олиш бўйича шартнома тузганди. Унга кўра, Туркманистондан “Газпром”га газ етказиб бериш ҳажми йилига 5,5 миллиард куб метрни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Газпром” 2040 йилгача Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ етказиб бериши хабар қилинганди. Ушбу шартномалар “Газпром”га 12 миллиард куб метргача экспорт қилиш имконини беради. Таҳлилчиларнинг хабар беришича, бу ҳажм Европа билан тузилган шартномалардан анча паст.