Туркманистон Президенти гиёҳванд моддаларни ёқишда қатнашди (видео)
Олам
−
03 Декабрь 2020
15729Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ноқонуний айланмадан ушлаб қолинган гиёҳванд моддалар ва бошқа воситаларни утилизация қилишга ихтисослашган мажмуанинг очилишида иштирок этди. Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик кенгашининг сайёр йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда “Туркманистон” давлат ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, йиғилишда мамлакат ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг 2020 йилнинг 11 ойлик фаолияти якунлари сарҳисоб қилинган. Туркманистонда хавфсизлик ва тинчликни янада таъминлаш, куч тузилмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
“Ноқонуний муомаладан олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни йўқ қилишга мўлжалланган янги мажмуа пойтахтдан 100 километр шимолда жойлашган”, дейилади хабарда.
Мазкур корхонада учта замонавий ёпиқ ва очиқ печлар мавжуд. Таъкидланишича, ушбу жараёнда қўлланиладиган илғор технологиялар инсон саломатлиги ва умуман атроф-муҳит учун энг самарали ва хавфсиз ҳисобланади.
Давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов контрабанда молларининг бир нечта пакетини ўз қўллари билан печга улоқтирган. Шундан сўнг, унинг ёнида бўлганлар миллат раҳбаридан ўрнак олиб, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ёқиш акциясида қатнашишган. Акцияда 122,5 килограммдан ортиқ гиёҳванд моддалар ёқиш натижасида йўқ қилинган.