Туркманистон Марказий Осиё мамлакатларига электр энергиясини етказиб беришга тайёр – Бердимуҳамедов
Олам
−
14 Сентябрь 2023
6029Туркманистон ўзининг табиий гази ва электр энергиясини Марказий Осиё мамлакатлари ва уларнинг ҳудудлари орқали ўзаро манфаатли шартларда ташқи бозорларга етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда бугун, 14 сентябрь куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ҳам минтақавий талабни қондиришга, ҳам халқаро транзит йўлаклари орқали жаҳон бозорига чиқишга йўналтирилган барқарор энергетика соҳасидаги ҳамкорлик учун сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитларни шакллантириш жараёни бошланган.
“Туркманистон ўзининг табиий гази ва электр энергиясини Марказий Осиё мамлакатлари ва уларнинг ҳудудлари орқали ўзаро манфаатли шартларда ташқи бозорга етказиб беришга тайёр. Бу таклифни давлатларимиз ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан кўриб чиқиш мумкин”, деган Туркманистон етакчиси.
Бердимуҳамедовнинг қўшимча қилишича, “Марказий Осиё давлатларининг энергетик мулоқоти”да беш томонлама ҳамкорликнинг янги шаклини яратиш мақсадга мувофиқ.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Шу кунларда Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида 1993 йилда ташкил этилган IFAS Кенгашининг мажлисини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари, бундан ташқари фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этмоқда. Аввалги учрашувлар, 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган.
LiveБарчаси