Туркиянинг энг таниқли интернет нашри билан QALAMPIR.UZ ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди
Жамият
−
06 Февраль 2019
5285Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги узоқ тарихга бориб тақалувчи дўстлик ва қардошлик муносабатлари кун сайин сайқал топиб бормоқда. Туркия Ўзбекистоннинг ишончли дўсти, стратегик ҳамкорига айланди. Бу ришталарни мустаҳкамлаш, алоқаларни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишда ОАВнинг алоҳида ўрни бор.
Айни дамда QALAMPIR.UZ ахборот-таҳлилий интернет нашри раҳбари Қамариддин Шайхов Туркияда бўлиб турибди. Ташрифдан Туркиянинг энг нуфузли газета ва журнал, радио, телевидение ва интернет нашрлари раҳбарлари билан учрашиб, ҳамкорлик ўрнатиш ўрин олган.
QALAMPIR.UZ Туркиянинг энг кўп ўқувчисига эга бўлган, кунига 3,5 миллион киши ташриф буюрадиган энг катта интернет-нашр Haber7.com таҳририятида бўлиб, интернет нашр бошқарув раиси, қолаверса, Бош муҳаррир Усмон Оташли билан учрашди.
Учрашувда икки интернет-нашр ўртасидаги ҳамкорликка илк тамал тоши қўйилди.
"Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги. Охирги икки йилда мамлакатда жуда катта ўзгаришлар рўй беряпти. Одамларнинг давлатга ишончи ортган. ОАВда таҳлилий ва танқидий мақолаларга кенг ўрин берилмоқда. Ва албатта, Ҳукумат танқидларга бефарқ эмас. Аксинча, ОАВда ёритилган муаммолар кўпга қолмай ўз ечимини топмоқда.
2016 йилнинг нобярь ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Туркияга амалга оширган ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлади. Айниқса, 2018 йилнинг апрель ойида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи икки давлатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлигида янги саҳифа очди", дейди Қамариддин Шайхов.
У Ўзбекистонда Туркияга, турк халқига бўлган муносабат ҳақида гапираркан, QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигидан турк тилида хабар узатиш учун лицензия олган илк расмий ОАВ бўлганини қайд этди. Мазкур гувоҳнома QALAMPIR.UZ’га 2017 йилнинг тўртинчи чорагида берилган эди.
"Туркияга тез-тез келаман. Аслида Haber7.com’ни анча аввал зиёрат қилишим керак эди. Боиси биз 2015 йилда QALAMPIR.UZ’ни ташкил қилишимиздан аввал, Haber7.com’дан илҳомланганмиз", дея қайд этди QALAMPIR.UZ раҳбари.
"Очиғи ташрифингиздан жуда хурсанд бўлдик. Ўзбекистонда бизнинг сайтимизни кузатишлари, ҳатто, бошқа интернет нашр очишда илҳом олинганини ўйлаб ҳам кўрмагандик.
Тасдиқлаганингиздек, айни вақтда Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари ривожланиб бормоқда. Биз журналистлар ўртасидаги ҳамкорлик эса икки мамлакат дўстлигини ташқи зарбалардан ҳимоя қилади".
Учрашувда икки ОАВ раҳбарлари ўзаро тажриба алмашдилар. QALAMPIR.UZ ўз тажрибасидан келиб чиқиб, ижтимоий тармоқларда, хусусан Instagram’да Haber7.com’нинг саҳифасини мунтазам тўлдириб бориш, хабарларни Instagram’да ҳам улашиш таклифини билдирди. Айни вақтда QALAMPIR.UZ’нинг Instagram саҳифасини 711 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатиб келмоқда. Haber7.com’нинг кузатувчилари сони эса 3 ойда қарийб 53 мингга етган. Мулоқотда ўқувчилар сонини орттириш борасида ҳам алоҳида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Haber7.com бундан буён QALAMPIR.UZ’нинг Туркиядаги илк расмий манбаси сифатида Ўзбекистонга хабарлар узатиб боради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь