Қонли тундан миллий бирликкача: Туркия 15 июлни қандай эслайди?
Жамият
−
11:12 743 4 дақиқа
251 инсон ҳаётига зомин бўлган, 2,7 минг нафардан ортиқ кишини яралаган 2016 йилги 15 июль воқеалари Туркиянинг замонавий тарихидаги энг оғир сиёсий синовлардан бири бўлиб қолди. Ўша тун мамлакатдаги ҳарбий тўнтаришга уриниш демократия, давлат бошқаруви ва жамият ҳаётида чуқур из қолдирди. Орадан 10 йил ўтиб Туркияда бу сана “Демократия ва миллий бирлик куни” сифатида ёд этилмоқда.

2016 йил 15 июлга ўтар кечаси Туркияда Қуролли кучлар таркибидаги бир гуруҳ ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш бошланди. Тўнтариш иштирокчилари мамлакатдаги муҳим давлат объектларини назоратга олишга ҳаракат қилди. Анқара ва Истанбулда танклар кўчаларга чиқарилди, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар ҳаракатга келтирилди, парламент биноси ҳам ҳужумларга учради.
Ўша пайтда таътилда бўлган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған халққа мурожаат қилиб, фуқароларни демократияни ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқишга чақирди. Шундан сўнг минглаб одамлар мамлакатнинг турли ҳудудларида майдонларга чиқиб, тўнтаришга қарши ҳаракат қилди. Хавфсизлик кучлари ва давлат тўнтаришига қарши чиққан ҳарбийлар ҳаракати натижасида уриниш бартараф этилди.

Туркия расмий маълумотларига кўра, 15 июль воқеалари оқибатида 251 киши ҳалок бўлган, 2,7 минг нафардан ортиқ инсон жароҳат олган. Шу сабабли ушбу сана мамлакатда нафақат сиёсий воқеа, балки инсонлар ҳаёти билан боғлиқ миллий хотира куни сифатида шаклланди.
Туркия ҳукумати ушбу давлат тўнтаришига уриниш ортида АҚШда истиқомат қилган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги Фатҳуллоҳ Гулен террорчилик ташкилоти (FETÖ) турганини таъкидлайди. Анқара маълумотларига кўра, мазкур тузилма йиллар давомида давлат институтларига сингиб борган ва 15 июль воқеаларида иштирок этган.

Воқеалардан кейин Туркияда давлат бошқаруви, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. 15 июль санаси эса 2016 йилдан бошлаб “Демократия ва миллий бирлик куни” сифатида нишонлана бошланди.
Тошкентдаги Туркия элчихонасида кеча, 15 июлда – “Демократия ва миллий бирлик куни” муносабати билан хотира тадбири ўтказилди. Тадбирда 100 нафарга яқин Ўзбекистон ва Туркия вакиллари иштирок этди.

Тадбир давлат тўнтаришига уриниш вақтида ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этиш билан бошланди. Бунда, энг аввало, марҳумлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланиб, Туркия давлат мадҳияси янгради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Қуръони карим тиловат қилиб, шаҳидлар руҳига дуо ўқиди.


Маросим давомида Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ 15 июль воқеаларини Туркия тарихидаги муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳолади. Унинг айтишича, мазкур сана демократия, миллий бирлик ва халқ бирдамлигининг рамзига айланган.

Элчи тадбир доирасида журналистларга берган интервьюсида Туркияда “миллий бирлик” тушунчаси фақат мамлакат ҳудуди билан чегараланмаслигини қайд этди.
“Биз Туркияда миллий бирлик деганда жуда кенг тушунчани назарда тутамиз. Бу фақат Анадолу ҳудудининг бирлиги эмас. Бу тушунча фақат Анадолу ҳудудининг бирлиги билан чекланмайди. Бу, аввало, турк дунёси ва бизга яқин бўлган барча халқларни қамраб олувчи кенг маънодаги бирликни англатади”, деди дипломат.

Улуташнинг айтишича, 15 июлдан кейинги давр Туркиянинг ички ва ташқи сиёсатида янги босқични бошлаб берди. Унинг фикрича, мамлакатнинг мустақил ташқи сиёсат юритиш имкониятлари кенгайди, стратегик қарорларни қабул қилиш механизмлари мустаҳкамланди ҳамда Туркия минтақавий ва глобал миқёсдаги таъсирини сезиларли даражада оширди.
“Туркиянинг ташқи сиёсатдаги фаоллашуви, мустақил қарор қабул қилиш механизмларининг кучайиши ва глобал миқёсдаги таъсирининг ортиши нафақат Туркиянинг, балки аввало турк дунёсининг манфаатларига хизмат қилмоқда. Биз бирга кучлимиз. Бири кучли бўлса, бошқаси ҳам кучли бўлади”, деди у.

Элчи 15 июлдан кейинги даврда мамлакатда амалга оширилган ўзгаришларга ҳам тўхталди. У FETÖни давлат тизимига сингиб кетган “вирус”га қиёслади ва ушбу тузилма Туркиянинг ташқи сиёсати, иқтисодиёти, энергетикаси, транспорти ҳамда бошқа стратегик йўналишлардаги ривожланишига тўсқинлик қилганини таъкидлади.
“15 июлдан кейин кишанлардан халос бўлган Туркияни кўрдик. Давлат тизимидан ана шу “вирус” бартараф этилгач, терроризмга қарши курашда қатъий қадамлар ташланди. Мудофаа саноати, транспорт ва бошқа стратегик соҳаларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Бугунги халқаро майдонда нуфузли Туркия ана шу жараёнлардан кейин шаклланди”, деди дипломат.

Элчининг фикрича, Туркиянинг кейинги йиллардаги сиёсий трансформацияси туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка ҳам ижобий таъсир кўрсатган. У сўнгги йилларда Турк давлатлари ташкилоти фаолиятининг сезиларли даражада кучайганини ҳам айнан шу жараёнларнинг натижаларидан бири сифатида баҳолади.
“Туркияда юз берган ўзгаришлар ва мамлакатнинг имкониятлари кенгайгани энг аввало қардош давлатларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Турк давлатлари ташкилотининг бугунги фаоллиги ҳам тасодиф эмас, балки шу ўзгаришларнинг натижасидир”, деди у.

Тадбир якунида 15 июль воқеаларига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди ҳамда иштирокчилар ҳалок бўлганлар хотирасини яна бир бор ёдга олди.

Live
Барчаси