Туркиядаги зилзилада неча ўзбекистонлик ўлгани очиқланди

Олам

image

Туркиянинг 10 вилоятида содир бўлган зилзилада 7 нафар ўзбекистонлик вафот этган. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар кеча, 14 март куни Туркия элчихонасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Шу йилнинг 6 февраль куни рўй берган зилзилада 48 448 киши вафот этди. Улардан 7 нафари ўзбек қардошларимиз. Ҳаётдан кўз юмганларнинг яқинларига сабр тилаймиз. Халқаро миқёсда кўрсатилган ёрдамларда энг олдинги сафда келган мамлакатлардан биттаси азалий ва абадий қардошимиз Ўзбекистон бўлди”, дейди Олган Бекар.

Шунингдек у Ўзбекистон халқи Президент Мирзиёев бошчилигида қора кунда дўст эканликлигини кўрсатгани, биринчилардан бўлиб айнан Ўзбекистон ёрдам қўлини чўзганини қўшимча қилди. 

“Ўзбекистон давлати ва халқи тарихда ҳам бўлгани каби бу машъум фалокатдан кейин ҳам доимги олийжаноблигини намойиш этиб, ўлкамизни ёлғизлатиб қўймади. Ўзбекистон Ҳукумати томонидан бошлаб берилган сафарбарлик доирасида 6-13 февраль кунлари Адана вилоятига қидирув-қутқарув, тиббиёт жамоалари ҳамда гуманитар ёрдамни ташувчи 6 та алоҳида карго рейси ташкил этилди. Бу рейслар орқали давлатимизга етиб борган 100 кишидан иборат Ўзбекистон қидирув-қутқарув жамоаси Ҳатай вилоятида қутқариш ишларини бажардилар”, дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси.

Олган Бекарнинг қўшимча қилишича, 25 февраль куни Ўзбекистонга қайтган ўзбек қидирув-қутқарув жамоаси 18 кишини тирик қутқариб, 190 киши жасадини вайроналардан чиқариб олган. Бундан ташқари, 8 февраль куни етиб борган 71 кишилик тиббиёт ходимлари Ҳатай вилоятида дала госпитали ўрнатиб, 3860 нафар фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатган. 

“Шу билан бирга ўзбек қардошларимиз зилзила ҳудудларига бориб, ўзбек паловини пишириб, эҳтиёжмандларга тарқатдилар. Йиғилган ёрдамлар орасида шошилинч эҳтиёж бўлган ашёлар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Турк ҳаво йўллари”нинг карго рейслари билан зилзила ҳудудларига юборилди.
 
“Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Турк ҳаво йўллари”, MNG Kargo ва юк транспортлари орқали бугунгача юртимизга 674 тонна гуманитар ёрдам ашёлари етказиб берилди. Шу билан бирга, молиявий ёрдамлар “Ziraat Bank Uzbekistan” орқали бевосита ёки шу банкда элчихонамиз томонидан очилган зилзила ёрдам ҳисоблари орқали мамлакатимизга юборилди. Бугунги кунгача 644 000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ тўпланди”, дейди Олган Бекар.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Зилзила Эрдоған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг