Туркиядаги мактабда яна отишма бўлди. Қурбонлар бор (видео)

Олам

image

Бугун, 15 апрель куни Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятидаги ўрта мактабда содир бўлган отишма оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Hürriyet” хабар берди.

Қайд этилишича воқеа Айсер Чалик ўрта мактабида юзага келган. Олинган дастлабки маълумотларга кўра, ўқ узган шахс 8-синф ўқувчиси бўлган ва ёнида бешта тўппонча борлиги аниқланган. У аввал мактаб ҳовлисида ҳавога ўқ узган, сўнгра мактаб ичига кириб, ўқ узишда давом этган. Ҳужумдан сўнг ўз жонига қасд қилган. У қуролни собиқ полициячи бўлган отасидан олган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Вилоят ҳокими Муккаррам Унлуер қуролли ҳужум уюштирилган мактабга дарҳол етиб борган ва баёнот берган. Унинг айтишича, ҳодисада 3 нафар ўқувчи ва 1 нафар ўқитувчи – жами 4 киши қурбон бўлган. Қолаверса, 20 киши яраланган.

“Мактабларимизнинг бирида қайғули воқеа содир бўлди. Яраланганлар борлиги ҳақида маълумот олдик. Афсуски, қурбонлар ҳам бор. Масалани чуқур ўрганяпмиз”, деган Унлуер. 

Ҳодисадан сўнг Миллий таълим вазири Юсуф Текин, Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи ва Соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемиш ўғли ҳам Қаҳрамонмарашга йўл олган. 

Адлия вазири Акин Гурлек ҳужум юзасидан Қаҳрамонмараш Республика Бош прокуратураси томонидан зудлик билан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган. Унинг айтишича, 3 нафар бош прокурор ўринбосари ва 4 нафар прокурор ишга жалб этилган. 

“Бош прокуроримиз ва тайинланган прокурорлар ҳодиса жойида текширув ишларини олиб бормоқда. Тергов манфаатлари учун ахборот тарқатишга чеклов жорий этилди. Оммавий ахборот воситалари тергов сирини сақлашга эҳтиёткорлик билан ёндашиши муҳим. Терговнинг барча босқичлари бўйича маълумотлар ваколатли органлар томонидан тақдим этилади”, деган Гурлек.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 апрель куни Туркиянинг Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган лицейда қуролли ҳужум содир бўлганди. Ҳодисада 18 киши яраланганди ва ҳужумчи ўз жонига қасд қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия отишма мактабда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг