Туркияда сайёҳлар автобуси даҳшатли ЙТҲга учради. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
10 Май 7681 2 дақиқа
Бугун, 10 май куни эрталаб Туркиянинг Чаноққалъа вилояти Эзине тумани яқинидаги автомобиль йўлида оғир йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Оқибатда 8 киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Телеканалга кўра, Çanakkale Truva туризм компаниясига тегишли йўловчи автобуси, ўтин юклаган юк машинаси ва енгил автомобиль иштирокида тўқнашув содир бўлган. Ҳодиса ҳақида хабар олингач, воқеа жойига тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, жандарм ва полиция гуруҳлари етиб борган.
Чаноққалъа ҳокими Омер Тораман TRT Haber телеканалига берган баёнотида воқеа тафсилотларини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, юк машинаси қарама-қарши ҳаракат йўлагига ағдарилиб кетиши оқибатида автобус ва енгил автомобиль ҳам тўқнашувга учраган.
Ҳокимнинг баёнотига кўра, ҳодиса оқибатида юк машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Автобусда жами 25 киши бўлган, уларнинг 3 нафари ҳайдовчи ва хизмат кўрсатувчи ходим, 22 нафари эса йўловчилар бўлган. Ушбу йўловчилардан 5 нафари воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Жароҳатланганлар Эзине ва Чаноққалъа давлат шифохоналарига етказилган, аммо у ерда ҳам 3 нафар фуқаро вафот этган. Умумий ҳисобда 8 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 20 нафари эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Улардан бир нечтасининг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.
Ҳодиса ортидан магистраль йўл бир муддатга ёпилган бўлса-да, ҳозирда муқобил йўналишлар орқали ҳаракат тикланган. Чаноққалъа Бош прокуратураси тергов ҳаракатларини бошлаган.
Адлия вазири Йилмаз Тунч ижтимоий тармоқ орқали баёнот бериб, Эзине прокуратураси томонидан икки нафар прокурор тайинланганини, суриштирув олиб борилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида мактаб ўқувчиларидан иборат футбол жамоасини олиб кетаётган микроавтобус ағдарилиб кетганди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида мураббий воқеа жойида ҳалок бўлган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь