Туркияда сайловларни кечиктиришга чақирилмоқда
Олам
−
14 Февраль 2023
5317Туркия парламентининг собиқ спикери ва собиқ бош вазир ўринбосари Булент Аринч май ойида ўтиши режалаштирилган умумий сайловларни кейинроқ ўтказиш кераклигини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
Унинг фикрича, ҳалокатли зилзилалар фонида мамлакат сайловолди стрессидан қутилиши керак.
“Фуқаролар сайлов учун эмас, ҳаёт учун курашмоқда. Баъзи сиёсатчи ва журналистлар сайловлар май ёки июнда бўлишига иддао қилиб, баҳслашмоқда. Худодан қўрқинг, вайроналар остида ҳали ҳам жасадлар бор. Сайловчилар топилмаса, қандай қилиб сайлов ҳақида гапириш мумкин”, дейди сиёсатчи Булен Аринч.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида (маҳаллий вақт билан 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.
Аввалроқ, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда умумий сайловлар (ҳам президентлик, ҳам парламент) 14 майга белгиланганини айтганди. Агар сайловлар белгиланган санада ўтказилмаса, президент ўз ваколатидан фойдаланиб, 60 кундан сўнг паламентни тарқатиб юбориши ва муддатдан олдин сайланиши мумкин эди. Бироқ 6 та мухолифат партияси коалицияси ҳали номзодларни эълон қилгани йўқ.
LiveБарчаси