Имомали Раҳмон Қирғизистондан Тожикистонга қайтди
Олам
−
28 Июль 2019
4326Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон бугун, 28 июль куни амалий ташрифини якунлаб, Қирғизистондан Тожикистонга учиб кетди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков Иссиқкўл халқаро аэропортида Имомоли Раҳмонни кузатиб қолди.
Тожикистоннинг Исфара шаҳрида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, давлат раҳбарлари музокараларни Иссиқкўл вилояти Чўлпон ота шаҳрида давом эттирдилар.
Унда икки томонлама ҳамкорликнинг барча масалалари, шу жумладан давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш жараёни муҳокама қилинди.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Қирғизистон чегарасини жорий йилнинг 26 июль куни хатлаганди. Президентлар икки давлат чегараси кесишган жойда учрашди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қуролли можаро юз берганди. Оқибатда беш киши жабрланди.
Можарога Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолиси ўз қишлоқларига кираверишда флагшток ўрнатиши сабаб бўлди.
Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи аҳолиси флагшток ўрнатилишига қарши бўлган. Икки ўртада даҳанаки жанг бошланган. Натижада томонлардан бири қурол ишлатган.
Воқеадан кейин Тожикистоннинг Исфара шаҳри ва Ворух анклавини боғловчи автотрасса ёпиб қўйилди.
Тожик томоннинг маълум қилишича, чегарадаги можарода 16 тожик жабрланди, милициянинг бир ходими оғир яраланди.