Туркияда Instagram қайта тикланди
Олам
−
11 Август
1780Туркия ҳукумати 9 кунлик блокировкадан кейин кеча, 10 август куни Instagram’га киришни қайта тиклади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Унга кўра, компания ҳукуматнинг хавотирларини бартараф этиш учун расмийлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлганидан кейин ижтимоий медиа платформасига киришни тиклаганини маълум қилди.
“Instagram расмийлари билан олиб борган музокараларимиз натижасида биз платформага кириш учун ўрнатилган блокни олиб ташладик. Албатта, бунга каталог жиноятлари ва фойдаланувчиларга қўйилган цензура бўйича бизнинг талабларимизни қондириш учун улар биргаликда ишлашга ваъда берганларидан кейин эришдик”, деган мамлакат Транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўралўғли.
Нашрнинг ёзишича, Туркия ижтимоий медиа платформасига киришни мамлакат қонун-қоидалари ва жамоатчилик тартибига риоя қилмагани учун блоклаган. Тўққиз кунлик тақиқ ўз мижозларига платформа орқали мурожаат қиладиган фойдаланувчилар ва кичик бизнес вакилларининг норозиликларига сабаб бўлди.
Турк қонунчилигидаги каталог жиноятлари қотиллик, жинсий тажовуз, гиёҳванд моддалар савдоси, суиистеъмол қилиш ва қийноқлар каби ҳаракатларни ўз ичига олади.
“Statista” платформаси маълумотларига кўра, Туркия Instagram’дан фойдаланиш бўйича дунёда 57 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси билан Ҳиндистон, АҚШ, Бразилия ва Индонезиядан кейин бешинчи ўринда туради.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 август куни Туркияда Instagram ижтимоий тармоғига кириш блоклаб қўйилди. Унга кириш Туркия ахборот технологиялари ва алоқа бошқармаси қарори билан блокланганди. Расмийлар ушбу платформа нима учун чеклангани ҳақида ҳеч қандай маълумот тақдим этмаганди. Туркия расмийлари қарори ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ўлими билан бевосита боғлиқ, деб тахмин қилинганди. Ўшанда Instagram Хония ўлими муносабати билан ҳамдардлик пости жойлаган аккаунтларни умумий блоклай бошлаган. Бунга жавобан эса турк ҳукумати Instagram’нинг ўзига нисбатан тақиқ жорий қилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзилганди.