Туркияда эҳтимолий урушга қарши тайёргарлик кучайтирилди
Олам
−
16:15 5244 2 дақиқа
Туркияда эҳтимолий уруш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик доирасида 16 та вазирликда янги Фавқулодда ҳолатлар ва мудофаа режалаштириш бўлими бошлиғи лавозими жорий этилди ва тайинлов амалга оширилди. Бу ҳақда кеча, 6 март куни мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қарор қабул қилди.
Унга кўра, Миллий мудофаа вазирлигидан ташқари барча вазирликларда Фавқулодда ҳолатлар ва мудофаа режалаштириш бўлими бошлиғи лавозими жорий этилиб, ушбу лавозимларга расмий тайинловлар амалга оширилган.
Мазкур бўлимлар вазирликларнинг табиий офатлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда фуқаролик мудофааси бўйича тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Шунингдек, улар сафарбарлик ва уруш ҳолатига оид режаларнинг бажарилишини назорат қилади ҳамда вазирликларни Фавқулодда ҳолатлар ва офатлар бошқаруви бошқармаси марказида вакиллик қилади.
Бундан ташқари, янги тузилма президентлик аппарати ва турли инқироз марказлари ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш вазифасини ҳам бажаради.
Мутахассислар фикрича, ушбу қарор орқали давлат тизими ичида инқироз, табиий офатлар ва уруш ҳолатларига тайёргарлик жараёнларини мувофиқлаштирадиган марказлашган тизим шакллантирилмоқда.
Миллий мудофаа вазирлиги эса ушбу соҳанинг асосий ижрочи органи ҳисоблангани сабабли янги тузилма таркибига киритилмаган
Маълум қилинишича, вазирликлар таркибида Фавқулодда ҳолатлар ва мудофаа режалаштириш бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги қарор 2025 йил октябрь ойида қабул қилинган. Сўнгги қарор билан эса мазкур бўлимларга расмий тайинловлар амалга оширилган.
Live
Барчаси