Туркияда 2 ўзбекистонлик афғонистонлик йигитни 3-қаватдан итариб юборгани айтилмоқда

3-саҳифа

−

image

Туркиянинг Истанбул шаҳрида икки нафар Ўзбекистон фуқароси 21 ёшли афғонистонлик йигитни калтаклаб, бинонинг 3-қаватидан ташлаб юборганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда “Sabah” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 26 сентябрь куни Истанбулнинг Тузла туманида содир бўлган. Полицияга бир киши бинонинг 3-қаватидан йиқилгани ҳақида хабар келиб тушган. Шифохонага олиб борилган йигит Афғонистон фуқароси, 21 ёшли Муҳаммад Е. экани аниқланган.

У шифохонада берган кўрсатмасида юқори қаватдаги қўшнилари уни калтаклаб, деразадан ташлаб юборганини айтган.

Ҳолат юзасидан Истанбул Республика прокуратураси тергов бошлаган. Тергов доирасида Ўзбекистон фуқаролари, 28 ёшли Нозимжон Т. ва 35 ёшли Даврон Т. қўлга олинган.

Гумонланувчилардан бири Нозимжон Т. Муҳаммад билан бир иш жойида ишлашини, ҳодиса куни уни уйининг йўлагида ярим яланғоч ҳолда кўрганини билдирган. Унинг айтишича, Муҳаммад ундан нима сабабдан уйида эканини сўраганида юзига мушт туширган. Шундан сўнг, у ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун Муҳаммадга мушт билан жавоб қайтарган.

Нозимжон Т. жанжалдан кейин хонадон ташқарисига чиқиб, эшикни ташқаридан ушлаб турганини ва Муҳаммаднинг чиқишига йўл қўймаганини айтган. У жиянларига полицияни чақиришни буюрган. Кейин Муҳаммад ўзини деразадан ташлагани ҳақида хабар топганини билдирган. Гумонланувчи уни деразадан итармаганини таъкидлаб, аксинча, Муҳаммад устидан шикоят қилган.

Иккинчи гумонланувчи Даврон Т. эса жанжал овозларини эшитиб, юқори қаватга чиққанини айтган. Унинг сўзларига кўра, Нозимжон ва Муҳаммад жанжаллашаётган бўлган. У жанжални тўхтатиш учун Нозимжонни хонадондан олиб чиққан. Муҳаммад хонага кирганидан 2–3 дақиқа ўтиб, шовқин эшитилган. Улар хонага кирганида эса йигитнинг ерда ётганини кўрган. Даврон Т. ҳам уни деразадан ташламаганини билдирган.

Полициядаги тергов ишлари якунлангач, икки гумонланувчи судга олиб борилган. Прокуратура уларни “қасддан одам ўлдиришга суиқасд” айблови билан қамоққа олишни сўраган. Суд ҳар икки гумонланувчини қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган. Ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг