Туркияда 13 йил “Моссад”га ишлаган 2 киши қўлга олинди

Олам

image

Истанбулда тўплаган маълумотларни Исроил разведкасига ўтказгани аниқланган икки шахс қўлга олинди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.

Маълум бўлишича, бир муддат Туркия Миллий разведка ташкилоти (МРТ) томонидан кузатув остида бўлган компания эгаси Меҳмет Будак Дарё ва унинг ходими Вейсел Карим ўғли Исроил разведка хизмати “Моссад”га маълумот етказиб бериб турган. 

Меҳмет Дарё ходими Вейсел Карим ўғли орқали Яқин Шарқ мамлакатларига қаратилган тижорат фаолиятини кучайтирган. Шунингдек, фаластинликлар билан ижтимоий ва тижорат алоқаларини ривожлантириш орқали Исроил разведкаси билан маълумот алмашгани ошкор бўлган.
 
Қайд этилишича, Дарё 2013 йилдан буён Исроил разведкаси билан алоқаларини сақлаб келган ва Европанинг турли мамлакатларида “Luis, Jesus/Jose, Dr.Roberto/Ricardo, Dan/Dennis, Mark, Elly/Emmy ve Michael” номли коддаги кўплаб разведка агентлари билан учинчи давлат учрашувлари ўтказган. 

Шифрланган алоқа тизимидан фойдаланиб, Исроил разведкаси билан алоқада бўлган Дарё “Моссад” агентларининг кўрсатмаларига биноан Туркия ва бошқа мамлакатлардан SIM-карталар, интернет модемлари ва роутерларни сотиб олгани ва пароллар, серия рақамлари, ишлаб чиқариш ва МАC манзиллари каби маълумотларни ўз ичига олган ёрлиқларнинг фотосуратларини Исроил разведкасига юборган.

Дарёнинг январь ойида “Моссад” агентлари билан бўлган сўнгги учрашувида сохта компанияси учун банк ҳисобини очиш, унинг веб-сайтини лойиҳалаш, ижтимоий тармоқларда аккаунтлар очиш ва потенциал ҳамкор компанияларни тадқиқ қилиш масалалари муҳокама қилингани аниқланган.

Ушбу хатти-ҳаракатларидан сўнг  Дарё ва Карим ўғли 6 февраль куни Истанбулда МРТ, Истанбул Бош прокуратураси ва Истанбул вилоят полиция бошқармасининг Терроризмга қарши кураш бўлими томонидан ҳибсга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Исроил учун жосуслик қилган эркакни қатл этгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Теҳрон жосусликда гумонланиб, уч йилдан ортиқ вақтдан бери Эронда ҳибсда сақланаётган икки француз фуқароси, 40 ёшли Сесил Колер ва унинг шериги 72 ёшли Жака Парини Исроил миллий разведка хизмати “Моссад”га ишлаганликда айблаган эди.

Эъзоза Олимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Истанбул Туркия разведка Исроил Моссад

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг