Туркияда ҳибсланган Гулбаҳор озодликка чиқди (видео)
Олам
−
21 Май 6519 2 дақиқа
Аввалроқ, ўзбекистонлик Гулбаҳор Жуманиёзова Туркиянинг “ATV” телеканалидаги чиқишидан сўнг, Истанбул полицияси томонидан ҳибслангани ҳақида хабар берилганди.
Маълум бўлишича, бир муддат Жуманиёзова мамлакатдаги “Bakırköy Kadın Kapalı Cezaevi” муассасасида сақланган. Ўзбекистон томони, хусусан, “Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ёрдамида кеча, 20 май куни Гулбаҳор озодликка чиққан. Жуманиёзова бутун ўзбек халқига, Ўзбекистон ҳукуматига уни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
“Мен бошимдан жуда оғир кунларни ўтказдим. Ўшанда ҳеч кими йўқ, келгинди каби ўзимни ҳис қилгандим. Кўрсатувга ҳам ўзимга ишонганим учун чиққанман. Чунки мен ҳеч кимнинг ҳаққини емаганман. Менинг исбот-даллиларим бор эди, аммо эфирда худди ёлғончи одамдек бўлиб қолдим. Эфир давомида менинг телефонимни ҳам олиб қўйишди. Кўрсатувдан сўнг, мени Адлия вазирлиги тўғри судга олиб борди, суддан эса қамоқхонага олиб кетишди. Мен жуда қўрқувга тушиб қолгандим”, дейди Гулбаҳор.
Жуманиёзова энг охирги паллада жамият раиси Озода Исломова билан боғлангани ва шу орқали Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаросини қамоқхонада ҳам муҳофаза қилганини айтган. У, шунингдек, ҳукуматнинг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида озодликка чиққанидан мамнунлигини қўшимча қилган.
“Ватанимга раҳмат, ортимдан қамоқхонага келиб, мендан хабар олиб туришди. Адвокатлар ёллашди, пулларни тўлаб бериб, мени оқлади. Ортимда ватаним турганини кўриб хурсандлигимдан йиғладим. Аллоҳга шукр, энди Ўзбекистонга қайтишни истайман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, мазкур можаро туркиялик эркак Гулбаҳор Жуманиёзова томонидан 20 минг долларга алдаб кетилганини айтганидан сўнг бошланди. Бироқ Гулбаҳор Жуманиёзова иддаони рад қилиб, ундан бу миқдордаги пулни олмаганини билдирди.
Live
Барчаси