Туркия ва Миср “яраш ошини дамлаяпти”. Эрдўған Мурсийнинг ўлимини унутдими?
Олам
−
18 Март 2023
8624Туркия ва Миср яқинда дипломатик алоқаларни тўлиқ нормаллаштириш ва элчилар даражасига олиб чиқиш учун зарур қадамларни қўяди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бугун, 18 март куни Қоҳирада мисрлик мақведоши Самеҳ Шукри билан музокаралар якунлари бўйича журналистларга маълум қилди.
“Биз тез орада икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни энг юқори даражага олиб чиқамиз”, дейди Туркия вазири.
Унинг сўзларига кўра, музокаралар самимий ва аниқ бўлган.
"Бугун биз самимий музокаралар ўтказдик ва ўртамизда унчалик кўп келишмовчиликлар йўқлигини кўрдик. Кейинги даврда биз янада фаол ҳамкорлик қиламиз ва барча соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантирамиз. Биз компанияларимизни қўшма лойиҳаларга янада фаол сармоя киритишга ундаймиз. Биз компанияларимизни қўшма лойиҳаларга янада фаолроқ сармоя киритишга ундаймиз”, дейди Чавушўғли.
Унинг билдиришича, ҳам гуманитар йўналишда, ҳам туризм соҳасида алоқаларни ривожлантириш зарур.
“Тўққиз йилдан буён фойдаланилмаётган салоҳиятимиз бор, ундан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида фаол фойдаланишимиз керак”, деди Туркия ТИВ раҳбари.
Чавушўғли 10 йил ичида Мисрга ташриф буюрган илк турк расмийси бўлди.
Туркия ва Миср ўртасидаги муносабатлар 2013 йилда Миср Президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ёмонлашган. Шундан сўнг ҳар икки давлат ўз элчиларини чақириб олди. 2021 йил март ойида Чавушўғли Анқара ва Қоҳира ўртасида дипломатик даражада алоқалар тикланишини эълон қилди. 2022 йил ноябрь ойида Туркия ва Миср Президентлари Ражаб Тойиб Эрдўған ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида қисқача учрашув ўтказдилар.
Туркия ва Миср муносабатларидаги таранглик
Муҳаммад Мурсий мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган илк Президенти саналиб, у ислом дунёсида ҳам мартабали йўлбошчилардан бири эди. Мурсийнинг ҳокимиятдан куч тизимлари сабаб ағдарилиши мамлакат аҳолиси орасида катта норозиликни келтириб чиқарган. Президент лавозимини Мурсийдан кейин Мудофаа вазири сифатида фаолият юритган Абдул-Фаттоҳ Ҳалил Ас-Сиси эгаллади.
Мисрда рўй берган давлат тўнтаришидан сўнг, тинч аҳоли вакиллари намойишга чиқди. Улар дунё ҳамжамиятининг эътиборини Мисрга қаратиш учун намойишлар тимсоли сифатида қўлнинг тўрт бармоқли кўринишини танладилар. Бу эса намойишларда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда оммалаштирилди.
Мисрда собиқ Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари намойиши Робия Ал-Адавия майдонида ўтказилган. Робия эса араб тилида “тўртинчи” деган маънони англатади. Мурсий эса мамлакатни бошқарган тўртинчи Президент эди. Шу боис намойишчилар бош бармоқларини букиб, қолганларини кўтарган ҳолатда акция ўтказдилар. Интернетда, хусусан Twitter’да #R4BIA хэштеглари пайдо бўлди. Биргина Instagram’да эса ушбу ҳэштег билан 100 минглаб хабар қолдирилган.
Робия Ал-Адавия VIII асрда Яқин шарқда, ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудларида яшаган бўлиб, у оилада тўртинчи фарзанд бўлган. Робия тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири эди. Робия болалигини қулликда ўтказади ва қочоқликдан сўнг озод бўлади. У Мисрда озодлик тимсоли сифатида тарихда қолган ва тасаввуфда Робия Адавия йўналишига асос солган.
Ўша вақтларда Мурсийни қўллаб-қувватлаб тўрт бармоқли ишорадан фойдаланганлар орасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам бўлган. У кейинроқ Мурсий ўз ажали билан ўлмагани, аксинча, ўлдирилганини айтиб чиқди.
“Мурсий ўз ўлими билан ўлмаган, уни ўлдиришган. Мисрнинг демократик сайланган президенти суд залида 20 дақиқа ётган ва унга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган”, деган эди Эрдўған.
2019 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Миср араб Республикасининг собиқ Президенти Муҳаммад Мурсийнинг дафн маросимига унинг қариндошлари киритилмаганини қаттиқ қоралиб чиқди.
“Мисрнинг сайлов йўли билан танланган Президенти Муҳаммад Мурсий суд залида қийналиб вафот этиши ва дафн маросимига, ҳатто, оиласининг қатнашишига изн берилмагани – ичимизда қонаган бир ярадир”, деган Ражаб Тойиб Эрдўған.
LiveБарчаси