Туркия ва Миср муносабатлари 10 йил ўтиб тикланди. Эрдўған Мурсийнинг ўлимини унутдими?
Олам
−
04 Июль 2023
5970Туркия ва Миср орадан 10 йил ўтиб дипломатик муносабатларни тўлиқ тиклаб, уларни элчилар даражасига олиб чиқди. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Туркия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
“Туркия Республикаси ва Миср Араб Республикаси икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни элчилар даражасига кўтарганини эълон қилади. Туркия Қоҳирадаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи лавозимига элчи Солиҳ Мутлу Шен номзодини таклиф қилди”, дейилади хабарда.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги Туркия билан дипломатик алоқалар элчилар даражасига кўтарилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Тегишли баёнот ТИВнинг Facebook’даги расмий саҳифасида эълон қилинди.
“Миср Араб Республикаси ва Туркия Республикаси дипломатик муносабатларни элчилар даражасига кўтарганини эълон қилди. Миср Амр ал-Ҳамамийни Анқарадаги элчиси этиб тайинлади. Ушбу қадам мамлакатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларни тиклашга қаратилган бўлиб, Миср ва турк халқлари манфаати йўлида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида ҳаракат қилиш бўйича умумий қатъийликни акс эттиради”, дейилади баёнотда.
Туркия ТИВ Анқара ва Қоҳира ўртасидаги дипломатик муносабатлар икки давлат президентлари қарорларини амалга ошириш асосида тўлиқ тикланганини таъкидлади.
“Ушбу қадам икки томонлама муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган бўлиб, турк ва Миср халқлари ўртасида янада ривожланиш учун ўзаро иродани акс эттиради”, дейилади хабарда.
Анқара ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар 2013 йилда Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ёмонлашган. Шундан сўнг ҳар икки давлат ўз элчиларини чақириб олди. 2021 йил март ойида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Миср билан дипломатик даражада алоқалар тикланишини эълон қилди. 2022 йил ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида Миср ва Туркия президентлари Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасида қисқа муддатли учрашув бўлиб ўтди, шундан сўнг муносабатларда сезиларли илиқлик кузатилди. Февраль ойи охирида Миср ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри Туркия жанубидаги зилзиладан жабр кўрган Адана шаҳрига ташриф буюрди. У ерда уни Туркия ташқи ишлар вазири кутиб олди ва унга ҳамроҳлик қилди ва икки давлат раҳбарлари учрашувига тайёргарлик кўрилаётганини айтди. Туркия ва Миср президентларининг учрашуви эҳтимоли ҳақида Эрдўған май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан кейин хабар қилинган эди.
Туркия ва Миср муносабатларидаги таранглик
Муҳаммад Мурсий мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган илк Президенти саналиб, у ислом дунёсида ҳам мартабали йўлбошчилардан бири эди. Мурсийнинг ҳокимиятдан куч тизимлари сабаб ағдарилиши мамлакат аҳолиси орасида катта норозиликни келтириб чиқарган. Президент лавозимини Мурсийдан кейин Мудофаа вазири сифатида фаолият юритган Абдул-Фаттоҳ Ҳалил Ас-Сиси эгаллади.
Мисрда рўй берган давлат тўнтаришидан сўнг, тинч аҳоли вакиллари намойишга чиқди. Улар дунё ҳамжамиятининг эътиборини Мисрга қаратиш учун намойишлар тимсоли сифатида қўлнинг тўрт бармоқли кўринишини танладилар. Бу эса намойишларда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда оммалаштирилди.
Мисрда собиқ Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари намойиши Робия Ал-Адавия майдонида ўтказилган. Робия эса араб тилида “тўртинчи” деган маънони англатади. Мурсий эса мамлакатни бошқарган тўртинчи Президент эди. Шу боис намойишчилар бош бармоқларини букиб, қолганларини кўтарган ҳолатда акция ўтказдилар. Интернетда, хусусан Twitter’да #R4BIA хэштеглари пайдо бўлди. Биргина Instagram’да эса ушбу ҳэштег билан 100 минглаб хабар қолдирилган.
Робия Ал-Адавия VIII асрда Яқин шарқда, ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудларида яшаган бўлиб, у оилада тўртинчи фарзанд бўлган. Робия тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири эди. Робия болалигини қулликда ўтказади ва қочоқликдан сўнг озод бўлади. У Мисрда озодлик тимсоли сифатида тарихда қолган ва тасаввуфда Робия Адавия йўналишига асос солган.
Ўша вақтларда Мурсийни қўллаб-қувватлаб тўрт бармоқли ишорадан фойдаланганлар орасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам бўлган. У кейинроқ Мурсий ўз ажали билан ўлмагани, аксинча, ўлдирилганини айтиб чиқди.
“Мурсий ўз ўлими билан ўлмаган, уни ўлдиришган. Мисрнинг демократик сайланган президенти суд залида 20 дақиқа ётган ва унга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган”, деган эди Эрдўған.
2019 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Миср араб Республикасининг собиқ Президенти Муҳаммад Мурсийнинг дафн маросимига унинг қариндошлари киритилмаганини қаттиқ қоралиб чиқди.
“Мисрнинг сайлов йўли билан танланган Президенти Муҳаммад Мурсий суд залида қийналиб вафот этиши ва дафн маросимига, ҳатто, оиласининг қатнашишига изн берилмагани – ичимизда қонаган бир ярадир”, деган Ражаб Тойиб Эрдўған.
LiveБарчаси