Туркия Сурияда ҳарбий операция бошлади
Олам
−
10 Октябрь 2019
5938Туркиянинг Сурия шимолидаги “Тинчлик булоғи” ҳарбий операцияси Ҳарбий ҳаво кучларининг расмий Анқара террорчи деб ҳисобловчи курдларнинг “Халқ мудофаа кучлари” позицияларига ҳужум билан бошланди. Самолётлар Рас ал-Айн, Тел-Абьяд, Ал-Қамишли ва Айн Исса туманларидаги аҳоли пунктларига зарба берди.
Операция бошланганини Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, операциянинг бош мақсади мамлакат чегарасида шакллантирилаётган террорчилик йўлагини йўқ қилиш ва минтақада тинчликка эришиш.
“Биз Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб, маҳаллий аҳолини террорчилардан қутқарамиз”, деган Эрдўған Twitter`даги саҳифасида.
Расмий Анқара йўқ қилишга уринаётган “Сурия демократик кучлари” (СДК) қуролли коалицияси Туркия қўшинларининг ҳужумига жавобан чегара яқинидаги шаҳарларни миномётдан ўққа тутиб, Суриянинг Ал-Ҳасака вилоятидаги қатор нефть вишкаларини ёқиб юборди.
СДК расмий вакили Аҳмад Муса Туркия бошлаган ҳарбий операция ҳақида шундай фикр билдирди:
“Бутун дунё Сурия шимолига ҳужумдан асл мақсад нима эканини билади. Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, демократик мамлакатлар, Европа Иттифоқи ва БМТни Туркиянинг ҳаракатларига нисбатан шафқатсиз позицияни эгаллашга чақирамиз”.
Ҳужум уюштирилаётган туманларда аҳоли колонна бўлиб ҳудудни тарк этяпти. Маълумотларга кўра, қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.
Европа Иттифоқи Туркияни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақиряпти. Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер ҳарбий аралашувга қарши чиқиб, ЕИ Сурия шимолида расмий Анқара ташкил қилмоқчи бўлган буфер зона ҳомийлигидан воз кечишини маълум қилди.
Расмий Дамашқ ўз суверенитетини барча қонуний воситалар орқали ҳимоя қилишини маълум қилди.
Бугун, 10 октябрь куни Европа Иттифоқи мамлакатлари талаби билан Туркия ўтказаётган операцияни муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши чақирилди.
LiveБарчаси