Туркия соҳилларида дунёдаги энг қадимий кема қолдиқлари топилди
Interesting
−
19:48 904 3 minutes
Туркиянинг Анталия вилояти яқинида ёши 4 400-4 700 йилга тенг бўлган савдо кемаси қолдиқлари топилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, кема қолдиқлари Кекова ороли яқинида, денгиз сатҳидан тахминан 30 метр чуқурликда аниқланган. Тадқиқотчиларнинг тахминича, узунлиги 10 метр атрофида бўлган кема Ўрта ер денгизи бўйлаб юк ташиш учун хизмат қилган.
Сувости изланишлари давомида учта тош лангар ва 30 дан ортиқ сопол идиш, жумладан, амфоралар топилган. Кемага тегишли ёғоч қисмлар сақланиб қолмаган. Шу сабабли унинг ёшини радиокарбон усули билан аниқлашнинг имкони бўлмаган.

Археологлар кема ёшини ундаги сопол идишларнинг шакли ва безакларини ўрганиш орқали белгилаган. Идишлар иккита тутқичга, ўрта қисмида бўртиб чиққан ҳалқага ва ясси асосга эга. Мутахассислар уларни Миср ва Яқин Шарқ ҳудудларидан топилган, ёши 4 400-4 700 йил деб баҳоланган бошқа сопол буюмлар билан таққослаган.
Экспедицияга раҳбарлик қилган Туркиянинг Акдениз университети профессори Ҳоқон Ўнизнинг айтишича, топилмалар кеманинг илк бронза даврига мансублигини кўрсатади. Бу давр Мисрдаги Буюк пирамида қурилган замон билан бир вақтга тўғри келади.

Австралиянинг Маккуори университети археологи Карин Совада сувдан чиқарилган амфораларни ўрганиш чоғида айрим идишлар ичида қуюқ, ялтироқ модда қолдиқлари сақланиб қолганини аниқлаган. Олимлар ҳозирда ушбу моддаларнинг таркибини текширмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, идишларда зайтун мойи, вино ёки дарахт смоласи бўлган бўлиши мумкин. Шунингдек, идишлар бир неча бор қайта ишлатилган бўлиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.
Топилма қадимги Ўрта ер денгизи ҳудудидаги савдо алоқалари ҳақида янги маълумотлар бериши мумкин. Археологлар кема сафарини Шарқий Ўрта ер денгизи соҳилларидан бошлаган деб тахмин қилмоқда. У қадимги Троя шаҳрига ёки Крит оролида яшаган минойликларга юк олиб кетаётган бўлиши мумкин.
Кекова ороли атрофидаги кучли оқимлар ва шамоллар сабабли бу ҳудудда кўплаб кемалар ҳалокатга учраган. Шу боис минтақа сувости археологияси учун муҳим тадқиқот ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Топилма Туркия Маданият вазирлигига тегишли. Вазир Меҳмет Нури Эрсойнинг маълум қилишича, сувдан чиқарилган буюмлар Анталияда очилиши режалаштирилган янги Ўрта ер денгизи сувости археологияси музейида намойиш этилади.
Маълумот учун, ушбу топилмагача дунёдаги энг қадимий кема қолдиқлари сифатида Грециянинг Докос ороли яқинидан топилган, тахминан 4 200 йиллик кема қолдиқлари қайд этилган. Ёғоч қисмлари сақланиб қолган энг қадимий бутун кема қолдиғи эса Болгария соҳиллари яқинидаги Қора денгиз тубидан топилган бўлиб, унинг ёши тахминан 2 400 йилга тенг.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шотландия соҳиллари яқинида қарийб 400 йил аввал чўкиб кетган қироллик кемаси – “Blessing of Burntisland” қолдиқлари топилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All