Туркия мухолифатида навбатдаги комедия: Акшенар столга қайтди, Қиличдорўғли номзод бўлди

Таҳлил

Туркиянинг мухолифат блоки – “Миллат иттифоқи” 74 ёшли “Жумҳурият Халқ” партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлини бўлажак президентлик сайловларида номзод сифатида кўрсатди. Бу ҳақда “Sabah” газетаси хабар берди. 

Кеча, 6 март куни мухолифат блокининг олти партияси Анқарадаги учрашувдан сўнг тегишли баёнот билан чиққан. 

Оммавий ахборот воситаларига мухолифат номзоди сифатида Киличдорўғли номини “Саодат” партияси раиси Темел Карамоллаўғли эълон қилган. Айнан партия штаб-квартирасида “олтилик столи” – мухолиф партиялар бирлашувидаги “Миллат иттифоқи” коалициясининг йиғилиши бўлиб ўтган, шундан сўнг мухолифат альянсидан номзоднинг номи эълон қилинган. 

Қиличдорўғли Республикачилар альянси номзоди, амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга қарши чиқади. 

Туркия сиёсий доираларида Қиличдорўғли барча мухолифатнинг энг кам таъсирли номзоди саналади. 

Мухолифат бир-бирини ейиш билан банд

Қиличдорўғлининг мамлакат президентлигига номзод сифатида кўрсатилиши осон кечгани йўқ. Айни вақтда мамлакат заминига қўшилиб, сиёсати ҳам оғир тебранишларни бошдан кечирмоқда. Эрдўғанга мухолиф партия ва уларнинг раҳбарлари ўртасидаги муросасизлик кун сайин кескинлашиб бормоқда. 3 март куни “Яхшилик” партияси раҳбари Мерал Акшенар Эрдўғанга қарши 6 мухолиф партиядан иборат “Миллат Иттифоқи” коалициясини тарк этди. У ҳЭрдўғаннинг азалий душмани – “Жумҳурият халқ” партияси лидери Камол Қиличдорўғлининг номзоди президент сайловига кўрсатилишига қарши чиқди.

Акшенар номзод ўлароқ “Жумҳурият халқ” партиясидан Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ёки Анқара ҳокими Мансур Яваш номзодини кўрсатишни таклиф қилди. Аммо бу таклиф қабул қилинмаган.

“Ўтган йили мамлакатимиз келажагини ўйлаб, жуда муҳим қадам ташладик. Кеча бўлиб ўтган йиғилишда ниҳоят ким президентликка қўшма номзод бўлишини муҳокама қилдик. 5 та сиёсий партия Киличдорўғли номзодини эълон қилди. 

Биз Эрдўғанга қарши барча оммавий сўровларда узоқ вақтдан бери ғалаба қозонган икки номни билдирдик. Улар Мансур Яваш ва Экрем Имомўғли эди. Афсуски, бу мулоҳазалар ва таклифлар рад этилди. 

Олтилик столининг сўнгги йиғилишида ўзаро келишувга эришилди. Биз тушундикки, халқ ютган ҳақиқатдан шахсий кун тартиби афзалдир. 

Азиз миллатим, биз “Яхшилик” партиясини бунинг учун тузмадик. Ташкил этилган кундан буён ўзимизни бошқалардан устун кўрмадик. Баъзан партиямиз манфаатларини унутиб, миллатимиз учун улардан воз кечдик”, деган эди Акшенар.  

Акшенар президентликка номзод қилиб кўрсатмоқчи “Жумҳурият Халқ” партиясидан Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ва Анқара ҳокими Мансур Яваш таклифни қабул қилмади. Улар Президент курсиси партия раиси Камол Қиличдорўғлига ярашишини айтди. 

Акшенар гапидан қайтди

Акшенар хоним эса Туркияни ларзага келтирган баёнотидан ортга қайтди, гапирганларини қайтариб олди ва яна столда бўш қолган курсисига келиб ўтирди. У кеча, 6 март куни “Саодат” партияси Марказий бошқарув офисида ўтказилган йиғилишга келиб, 74 яшар Камол Қиличдорўғли сайланган тақдирда, ўзи томонидан президентликка кўрсатилган номзодлар Экрем Имомўғли ва Мансур Яваш вице-президент лавозимини эгаллаши шартлигини айтди. Акшенар қўйган масала бошқалар томонидан ҳам қабул қилинди ва 12 банддан иборат келишув матни “Яхшилик”, “Жумҳурият халқ”, “Саодат”, “Даъво”, “Келажак”, “Демократ” партиялари раҳбарлари томонидан имзоланди. 

Ҳужжатга кўра, мухолифат Қиличдорўғли номзоди сайловларда ғалаба қозонса, мамлакатда парламент тизимини мустаҳкамлаш учун Президент ваколатларининг бир қисмини чеклашни таклиф қилган.

Камол Қиличдорўғли ким? 

Камол Қиличдорўғли ҳисобчи бўлиб ишлаган ва 1983 йилда Даромадлар Бош бошқармасида иш бошлаган. Бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган, шу муассасада бош директор ўринбосари лавозимига тайинланган. Кейин бир муддат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида котиб ўринбосари ўринбосари лавозимида ишлади. 1999 йилда Ижтимоий суғурта жамғармаси бош директори лавозимидан ихтиёрий равишда нафақага чиқди. Бир муддат Ҳожитепа университетида дарс берган, “Türkiye İş Bankası” бошқарув кенгаши аъзоси бўлиб ишлаган. 

2002 йил 3 ноябрда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган сайловларда 22-чақириқ Туркия Буюк Миллат Мажлисига (Парламент) “Жумҳурият Халқ”  партиясидан депутат этиб сайланган. Парламентдаги партия гуруҳи раҳбари бўлиб ишлаган. 2010 йил 22 майда “Жумҳурият Халқ” партияси раиси этиб сайланган. Ҳозирда ушбу лавозимда хизмат қилмоқда. 

Сайлов қачон? 

Январь ойида Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда президентлик ва парламент сайловлари 14 май куни ўтказилишини маълум қилган эди. 

Дастлаб сайловлар 18 июнга белгиланган эди, бироқ Эрдўған овоз бериш эртароқ бўлиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Унинг партияси июнь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар сайёҳлик мавсумининг энг юқори чўққисига тўғри келишини, шунинг учун сайловни эртароқ ўтказиш яхшироқ эканини билдирди.

Президент Эрдўған 10 март куни сайловга тайёргарлик бўйича фармонни имзолашини айтди. У эълон қилинганидан кейин 60 кунлик сайловолди даври бошланади. Бу ҳолатда овоз бериш 14 май куни бўлиб ўтади.

Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, мухолифат ўртасидаги ушбу қарама-қаршилик зилзиладан кейин тақдири савол остида қолган Эрдўғаннинг кучини янада ошириши, мухолифатдаги ишончсизлик сайловчиларнинг ҳам ишончсизлигига олиб келиши мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Камол Қиличдорўғли Мерал Акшенар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг