Туркияда денгиз суви ғайриоддий рангга кирди
Олам
−
31 Май 6087 2 дақиқа
Кеча, 30 май куни Туркиянинг Гиресун вилояти қирғоғида Қора денгиз суви кучли ёмғирдан сўнг қўнғир тусга кирди. Бу ҳақда маҳаллий “Habertürk” телеканали хабар берди.
Телеканал сайтида соҳилбўйи ҳудуди ва ранги ўзгарган денгиз сувининг дрон ёрдамида ҳаводан олинган суратлари эълон қилинди. Хабарда айтилишича, жала қуйиши оқибатида ювилиб кетган лойқа тупроқ аралашмаси бўлган хира сув денгизга шу атрофдан оқиб ўтувчи Аксу ва Батлама сойлари орқали бориб қўшилган.
Қайд этилишича, Гиресунда кучли ёмғирлардан кейин денгиз рангининг ўзгариши ер рельефи ва тупроқ тузилиши сабабли одатий ҳол ҳисобланади.
“Жигарранг сувнинг Қора денгизнинг табиий ранги билан бирлашадиган чегараларида яққол чизиқ ҳосил бўлди. Бу тасвирлар кучли ёмғир нафақат шаҳар марказида, балки сой ўзанлари ва денгиз қирғоқларида ҳам сезиларли оқибатларга олиб келганини кўрсатди. Айниқса, баландликлардан келган ёмғир сувлари оқизиб келган лойқа соҳил бўйидаги ранг ўзгаришининг асосий сабаби бўлди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Гиресун – Туркия шимоли-шарқида, Қора денгиз соҳилида жойлашган шаҳар. Сайёҳлар, айниқса, хорижлик туристлар учун у ер машҳур курорт ҳисобланмайди. Шаҳардаги пляжлар ва инфратузилма Анталья ёки Аланья каби одатий Ўрта денгиз йўналишларидан сезиларли даражада орқада. Сайёҳларнинг асосий оқимини маҳаллий аҳоли ҳамда шинам пляж таътилини эмас, балки ўзига хос атмосферага эга жойларни излаб юрувчи мустақил саёҳатчилар ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Богор маъмурий ҳудудига қарашли Жонггол шаҳри осмонида камалаксимон булут пайдо бўлиб, мўжизавий ҳодиса кузатилган эди.
Live
Барчаси