Туркия, Швеция ва Финляндия делегациялари Анқарада учрашди
Олам
−
25 Май 2022
5525Бугун, 25 май куни Туркия пойтахти Анқарадаги Президент мажмуида Туркия, Швеция ва Финляндия делегациялари ўртасида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Қайд этилишича, томонлар Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлиш аризаларини муҳокама қилган. Туркия делегациясига Президент Матбуот котиби Иброҳим Калин ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари Седат Ўнал бошчилик қилган.
Шунингдек, Швеция Бош вазири девонининг Давлат котиби Оскар Стенстрём ва Финляндия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жукка Саловаара бошчилигидаги делегация иштирок этган.
Уч томонлама учрашув олдидан Туркия томони Швеция ва Финляндия вакиллари билан алоҳида музокаралар ўтказган. Ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган маслаҳатлашув тахминан беш соат давом этган.
Туркия Президентининг Матбуот котиби Иброҳим Калин Туркия вақти билан соат 19:30 да музокаралар сўнг, баёнот бериши кутилмоқда.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.
LiveБарчаси