Туркия сайёҳлар учун эшикларини очди
Олам
−
12 Июнь 2020
6823Туркия кеча, 11 июнь куни мамлакатга кириб-чиқиш учун ўрнатилган чекловларни юмшатди. Туркияликлар ва хорижий фуқароларга мамлакатга кириб чиқишга рухсат берилди. Фақатгина қуруқлик орқали Эрон билан чегара орқали киришга бўлган тақиқ сақлаб қолинди. Бу ҳақда "Anadolu" агентлиги хабар берди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигида ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейин шундай қарорга келинган. Мамлакатга кириш ва чиқиш учун ўрнатилган чекловлар, Эрон билан чегарадан ташқари барча ҳудудлар учун бекор қилинган.
Ҳаво қатновлари Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар ва Транспорт вазирликлари томонидан мувофиқлаштириб борилади.
Туркияга кираётган мамлакат фуқаролари ва хорижликлар тиббий кўрикдан ўтади.
Кириш ва чиқиш жойлари Ички ишлар, Ташқи ишлар ва Транспорт вазирликлари томонидан қабул қилинган нормаларга мослаштирилади.
Янги қарор мамлакатнинг барча вилоятларига юборилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 174 023 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 4 763 нафари вафот этган ва 147 860 нафари соғайган.