Туркия парламентида Швециянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилиш лойиҳаси имзоланди
Олам
−
26 Октябрь 2023
4058Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) спикери Нуман Куртулмуш Швециянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилувчи қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда “Аksam” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Швециянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши ҳақидаги протоколни ратификация қилишни маъқулловчи қонун лойиҳаси Куртулмуш томонидан имзоланиб, Ташқи ишлар қўмитасига тақдим этилган.
Протоколни асослашда альянсга қўшилиш учун қўшма ариза топширган Финляндия ва Швеция НАТОнинг икки энг яқин ҳамкори сифатида белгилангани ҳамда давлатлар иттифоққа қўшилиш истагини билдиришдан олдин ҳам блок аъзолари билан ҳар томонлама ва кўп қиррали ҳамкорликни амалга оширгани қайд этилган.
Бундан ташқари, улар мудофаа ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзларининг қобилияти ва имконияти билан ажралиб туриши айтилган.
Маълумотларга кўра, Швеция Президент Эрдўғон билан музокараларда аризани ратификация қилиш эвазига Туркиянинг Европа Иттифоқига киришида ёрдам беришга рози бўлган. Аммо НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бу икки масала бир-бирига боғлиқ эмаслигини айтган.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг апрель ойида Финляндия Шимолий Атлантика альянсининг 31-аъзосига айланган. Швециянинг аризаси эса Туркия ва Венгрия томонидан ҳалигача расмий маъқулланмаганди.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған парламентга Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни тақдим этганди.
LiveБарчаси