Туркия Қошиқчи ишини Саудияга топширади
Олам
−
02 Апрель 2022
7879Туркия Адлия вазирлиги журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича ишни Саудия Арабистонига ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар бермоқда.
“Туркия Адлия вазирлиги журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича ишни Саудия Арабистони судига ўтказишга қарор қилди. Вазирликнинг тегишли қарори Истанбул прокуратурасига юборилди”, дейилади агентлик хабарида.
Айтилишича, Саудия Арабистони дипломатик миссиясидаги шов-шувли қотилликка алоқадор ишда 26 киши иштирок этмоқда. Тергов доирасида Саудия Арабистонидан Қошиқчини ўлдириш учун келган 15 кишидан саккиз нафарининг шахси аниқланган.
“2021 йил 17 октябрь куни прокуратура рухсати ва Саудия томонининг розилиги билан Бош консулликда тинтув ўтказилди. Дипломатик миссиянинг 20 нафар ходимидан кўрсатма олинди. Тергов натижалари Истанбул шаҳар оғир жиноятлар бўйича 11-судига ўтказилди. Жиноят ишида 20 нафар айбланувчининг исми кўрсатилган: уларнинг барчаси халқаро қидирувга берилган. “The Washington Post” газетаси колумнисти Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича якуний қарорни Истанбул прокуратураси қабул қилади”, дейилади агентлик хабарида.
2020 йил сентябрь ойида Саудия Арабистони суди Қошиқчи қотиллиги бўйича якуний ҳукмни чиқарган. Саккиз айбланувчидан беш нафари 20 йилга, бир нафари 10 йилга, яна икки нафари эса етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Маълумот ўрнида, Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги Бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини тан олган.