Туркия Исроилга қарши геноцид ишига қўшилади
Олам
−
06 Август
9402Жорий ҳафтада Туркия Исроилга қарши геноцид бўйича жаҳон судига қўшилиш учун петиция топширади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғaн маълум қилди.
“Парламент ҳуқуқий гуруҳимиз чоршанба, 7 август куни Исроилга қарши геноцид ишига қўшилиш ҳақидаги петициямизни Гаагадаги Халқаро судга тақдим этади”, дейди Президент.
Баёнотда айтилишича, Туркия сўнгги 10 ой ичида Ғазода 40 минг бегуноҳнинг ҳаётига зомин бўлган “варварлик”га имкон қадар тезроқ барҳам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда.
“Бу қонхўр геноцид тармоғи қандай ваҳшийлик қилмасин, Туркия ва турк халқининг фаластинликлар билан бирдам бўлишига тўсқинлик қила олмайди. Туркия бутун ресурслари билан Фаластиннинг ўз мавжудлиги учун курашаётган машаққатли кунларида у билан бирга”, дея қўшимча қилди Эрдўған.
Шунингдек, Президент ўтган ҳафтада ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Xoниянинг ўлдирилиши “Ғазо инқирозида янги остона” бўлгани ва “Нетаньяху маъмуриятининг ҳам қоидаларга, ҳам қонунга зид бўлган агрессив позицияси” минтақани даҳшатли сценарийларга дучор қилаётгани ҳақида таъкидлади.
“Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардан ҳеч қандай умидли натижа чиқмади. ҲАМАСнинг конструктив позициясига қарамай, Нетаньяху маъмурияти қирғин сиёсатини давом эттириш ниятини бир неча бор намойиш қилди”, дейди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 август куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған халқаро муносабатлар тизимини кескин танқид остига олиб, тизим банкротга учраганини айтган эди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси